Буюк Британия тадбиркор Алишер Усмоновнинг USM холдингини санкциялар рўйхатига киритди. Ҳужжат қироллик ҳукумати сайтида эълон қилинган.

Холдингга қарши санкцияларга изоҳларда USM Усмоновга тегишли экани ёки у томонидан назорат қилиниши, «Россия ҳукуматидан имтиёзлар олиш ёки уни қўллаб-қувватлаш билан шуғуллангани», шунингдек, Россия ҳукумати учун иқтисодиётнинг стратегик аҳамиятга эга бўлган тармоқларида — қазиб олиш ҳамда рақамли технологиялар соҳасида бизнес юритиши айтилади.

Ҳужжатга кўра, «қора рўйхат»га Алишер Усмоновга алоқадор яна иккита компания — Curzon Square ва Hanley ҳам киритилган.

«Биз Россия элитаси ва уларга уруш учун пулларини яширишга ёрдам бермоқчи бўлганлар учун [молиявий] тармоқни ёпяпмиз, — деди Британия ташқи ишлар вазири Жеймс Клеверли. — Биз уларни муваффақиятли яширилган деб ҳисоблаган активлардан узишда давом этамиз».

Ҳужжатда айтилишича, Алишер Усмонов ва Роман Абрамовични қўллаб-қувватлаган Кипрнинг икки фуқароси — Деметрис Иоаннидес ва Христодулос Василиадисга нисбатан ҳам санкциялар жорий этилган. Британия Ташқи ишлар вазирлиги уларни оффшор тузилмалар ва трестларни яратишда ёрдам берган «профессионал ёрдамчилар» деб атайди.

USM, Curzon Square ва Hanley`га нисбатан санкциялар «Усмоновга алоқадор активлар, жумладан Лондондаги 90 млн фунт стерлинглик Beechwood House қасри санкция остида қолишини таъминлайди», — дейилади ҳисоботда. Тадбиркорнинг Лондондаги идораси вазифасини бажарувчи ҳамда қасрни ижарага бериш билан шуғулланувчи Curzon Square активлари музлатилади.

USM РБКга Буюк Британиянинг холдинг ва унинг акциядорларига нисбатан санкцияларини адолатсиз ва асоссиз деб ҳисоблашини маълум қилди. «Алишер Усмонов узоқ вақтдан бери тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмаган, холдингнинг 50 фоиздан камроғига эгалик қилади ва уни бошқаришда иштирок этмайди. Биз ушбу чекловларни ноқонуний деб эътироз билдирмоқчимиз», — деди компания вакили.

Санкциялар орасида россиялик тадбиркорлар Владимир Евтушенков ва Сулаймон Керимовнинг оила аъзолари ҳам бор эди. Санкциялар рўйхатида USM эгаларидан Владимир ва Варвара Скоч (уларни бир йил аввал санкциялар остида қолган миллиардер Андрей Скоч билан боғлашади), Евтушенковнинг ўғли ва қизи Феликс («Система» инвескомпаниянинг 15,2% акцияларига эгалик қилади) ва Татьяна, Евтушенковнинг турмуш ўртоғи Наталья, украиналик сиёсатчи Виктор Медведчукнинг турмуш ўртоғи Оксана Марченко, Сулейман Керимовнинг қизи Гульнара ҳам тилга олинган.

Буюк Британия Алишер Усмоновга қарши санкцияларни 2022 йил 3 мартда жорий қилган эди. Бунгача тадбиркор Европа Иттифоқи (ЕИ) санкцияларига ҳам тушганди. Тадбиркорнинг адвокатлари Европа Иттифоқининг унга нисбатан чеклов чоралари Германия конституциясига зид эканлигини исботламоқчи эди, дея хабар беради Süddeutsche Zeitung.

2022 йил сентябрида Европа Иттифоқи Алишер Усмоновнинг синглиси Саодат Нарзиевага нисбатан чекловларни олиб ташлади. Ноябрь ойида FT Ўзбекистон ҳукумати тадбиркорга нисбатан санкцияларни бекор қилиш талаби билан Европа Иттифоқига мурожаат қилгани, унга ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни таклиф этган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берди.

Январь ойида Алишер Усмонов бизнесни бошқаришдан узоқлашиш режалари ҳақида маълум бўлган эди. Тадбиркор Ўзбекистон ривожига эътибор қаратиш ниятида эканлигини бир неча бор таъкидлаган.

Алишер Усмонов (соф бойлиги — 14,4 млрд доллар) USM холдингининг асосчиси ва асосий акциядори (49%) ҳисобланади. USM Металлоинвест ва Мегафон компанияларига эгалик қилади.

Аввалроқ АҚШ Ўзбекистоннинг «Оҳангаронцемент» цемент заводи, шунингдек, 2022 йил бошида заводнинг 98,6 фоиз улушини сотиб олган Алишер Усмоновнинг USM холдинги томонидан ташкил этилган Akkermann Cement CA компаниясига санкциялар жорий этгани ҳақида ёзган эдик.