Малайзия компаниялари билан Ўзбекистонда учувчисиз бошқариладиган аппаратларни ишлаб чиқариш истиқболлари муҳокама қилинмоқда, деб хабар берди «Дунё» ахборот агентлиги.

Қайд этилишича, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, «Навоий» махсус иқтисодий зона дирекцияси АЖ вакиллари ва Малайзиянинг учувчисиз бошқариладиган аппаратларни (дронлар) ишлаб чиқаришга ихтисослашган бир қатор етакчи компаниялари ўртасида онлайн учрашувлар ташкил этилди.

Тадбирлар чоғида Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ва саноат соҳаларида фойдаланиш учун дронлар ишлаб чиқариш тизимини йўлга қўйиш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Малайзия компаниялари томонидан ишлаб чиқариладиган дронлар тўғрисида маълумот тақдим этилди. Хусусан, хориж томони қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган AGRI серияларидаги дастурий таъминот билан интеграциялашган пуркагич дронлари, Octocopter серияли курьер дронлари ва UGV-Unmanned Ground Vehicle каби дронларнинг техник кўрсаткичлари бўйича тақдимот ўтказди.

Ушбу мамлакатнинг Alphaswift, Meraque ва Aoniс компаниялари мамлакатда дронлар ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш истиқболларини ўрганиб чиқишга қизиқиш билдирди.

Alphaswift компаниясининг асосий фаолият тури қишлоқ хўжалиги ва етказиб берувчи дронларни ишлаб чиқариш, уларни модификациялашга ихтисослашган.

2018 йилда ташкил топган Meraque компанияси кенг турдаги дронларни ва улар учун дастурий таъминот ишлаб чиқариш, робототехникага ихтисослашган. Компания Вьетнам, Камбоджа, Филиппин, Лаос ва Покистонда фаолият юритади. Мазкур компания Малайзияда 2022 йилнинг энг инновацион технологияси танловида 2-ўринни қўлга киритган.

Aoniс компанияси Хитойнинг жаҳондаги энг йирик дрон ишлаб чиқарувчи DJI компаниясининг Жануби-Шарқий Осиёдаги расмий дистрибьютори ҳисобланади. Aoniс томонидан қишлоқ хўжалиги ва саноат сохасида кенг турдаги дрон хизматлари кўрсатилади.