10 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев «Ташаббусли бюджетлаштириш амалиётини янада такомиллаштириш ҳамда фаол маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади, дея хабар бермоқда ЎзА.

Ҳужжатда тизимга оид бир қатор вазифа ҳамда қоидалар белгиланди. Хусусан, 2 мингдан ортиқ овоз тўплаган, лекин ғолиб бўлмаган 1309 та лойиҳа учун ҳам қўшимча равишда 1,3 трлн сўм маблағ ажратилади. 2023 йилниннг 1-мавсумида ғолиб деб топилган 2975 та лойиҳанинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши қатъий назоратга олинади.

Бунда:

  • жиҳозлаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш сўнгги муддати этиб жорий йилнинг июль ойи;
  • қурилиш ва таъмирлаш ишлари бўйича лойиҳаларни амалга ошириш сўнгги муддати этиб август ойи белгиланади.

Ташаббусли бюджетлаштириш жараёнлари доирасида бюджет ташкилотларининг раҳбар ходимлари томонидан мажбурий овоз йиғиш бўйича ходимларга топшириқ беришлари тақиқланади. Бунда мажбурий овоз йиғишга мажбурлаш тегишли ташкилот ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилиш сифатида таснифланади.

Таъкидланишича, ташаббусли бюджет жараёнида овоз тўплаш ва ғолибларни аниқлаш механизмини танқидий кўриб чиқиш, жумладан кенг жамоатчилик билан муҳокама қилган ҳолда таклифлар ишлаб чиқишни назарда тутувчи чора-тадбирлар режаси ҳам тасдиқланди.

Мавсум давомида ходимларини овоз йиғишга мажбурлаш ҳолатлари кузатилди. Хусусан, Сурхондарё вилояти Ангор туманида ўқитувчиларга овоз йиғишга мажбурий топшириқ берилгани айтилган. Мактабгача ва мактаб вазири Ҳилола Умарова уларни овоз йиғишга мажбурлашга йўл қўйилмаслигини маълум қилиб, ҳолат бўйича ўрганиш ишлари бошланганини билдирганди.

Навоий вилояти Навбаҳор туманидаги 9-мактаб директори эса ўқитувчиларни 100 тадан овоз йиғишга мажбурлаган. Унга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланиб, хатти-ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари бор-йўқлиги ўрганилмоқда.

Тошкент вилояти Оққўрғон туманида ҳам ўқувчилар овоз тўплашга SIM-карта сотиб олиш учун пул йиғишга жалб қилинган. Ўшанда мактаб директори ишдан бўшатилган. Вилоят ҳокими ҳақиқатан ҳам эҳтиёж бўлса, мактабни маҳаллий бюджет ҳисобидан жиҳозлаш бўйича топшириқ берган.

«Газета.uz» яшаш ҳудудидаги муаммоларни ҳал этиш учун лойиҳа таклиф этган аҳоли кўпроқ овоз йиғиш учун турли усуллардан фойдаланаётган жараён иштирокчиларига микрофон тутганди.

Маълумот ўрнида, «Ташаббусли бюджет» лойиҳасининг 2023 йилдаги 1-мавсумига овоз бериш 7 апрелда якунланди. Жами 1666 та лойиҳа ғолиб деб топилди ва уларни амалга ошириш учун 1,6 трлн сўмга яқин маблағлар йўналтирилади.