Ўзбекистонда 18 мартдан 7 апрелгача «Ташаббусли бюджет» лойиҳасининг овоз бериш жараёни кетмоқда. Бунда фуқаролар яшаш ҳудудидаги турли ижтимоий муаммоларга барҳам бериш бўйича лойиҳаларни таклиф этиб, маҳаллий бюджетнинг мақсадли тақсимланишида иштирок этмоқда.

Фуқаролар унгача ўз лойиҳаларига кўпроқ овоз тўплаш учун эса турли усуллардан фойдаланмоқда. Жумладан, ҳисобни тўлдириш, бепул ичимлик улашиш ва ҳатто ўсимлик ёғини бериш ҳам кузатилмоқда. «Газета.uz» пойтахтнинг бир қанча нуқталарида бўлиб, мазкур жараён иштирокчиларига микрофон тутди.

Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманидаги Қайрағоч МФЙда яшовчи ўсмир йигитнинг айтишича, улар қишлоғидаги йўлларнинг дабдаласи чиққани боис таъмирлаш мақсадида Open budget`га лойиҳа киритган.

«Бизда аҳоли сони кам. Шунинг учун Тошкентга келиб, овоз йиғяпмиз. Қишлоқдошлар бирлашиб, ҳомийлар кўмагида ичимлик сувларини оляпмиз ва овоз тўплаш жараёнида одамларга бепул беряпмиз. Бизлар ҳалол овоз йиғяпмиз. Бунда ютиш керак, бюджетдан пул ажратилган. Агар буни шундай қўйиб қўйсак, қулай имкониятни қўлдан бой берган бўламиз», — дейди у.

Унинг қайд этишича, «Ташаббусли бюджет»га Яккабоғ туманининг ўзидан 300 дан зиёд таклиф жойланган, лойиҳаларни амалга ошириш учун эса маҳаллий бюджетдан 12 миллиард сўм маблағ ажратилган.

«Бизнинг лойиҳа 1,2 млрд сўмлик. Ҳозир ҳамма кўпроқ овоз йиғишга бел боғлаган. Биз саккизинчи ўриндамиз, олий ўринга интиляпмиз», — дейди қашқадарёлик йигит.

Боёвут туманининг Ўзбекистон маҳалласидаги асфальт йўллар лойиҳаси учун овоз йиғиб юрган йигитнинг сўзларига кўра, улар овоз тўплашда фуқароларга нақд пул бермоқда.

«Сирдарё вилоятиданман. Ҳозир Рамазон ойида ҳаммада ҳолат турлича бўлиши мумкин, одамларга сув бериш нотўғри деб ўйлайман. Овоз берганлар пул берсак, ўзлари хоҳлаган нарсасини ўзи оволади. Кеча ўзим 256 та овоз йиғдим. Саккиз киши 1500 та овоз тўпладик. Ҳозир Сирдарё бўйича овоз йиғишда иккинчи ўриндамиз, биринчи ўринга 400 та қолди. Жами овоз 5100 та бўлди», — дейди у.

Унинг таъкидлашича, қишлоқ аҳолиси: фермерлар, ҳожи оталар ўз хоҳиши билан йўллар таъмири учун маблағ бермоқда. Бу эса овоз йиғиш жараёнида фуқароларга тарқатилмоқда. Битта овоз учун 10 минг сўм бериляпти.

Қашқадарёдаги ички йўл лойиҳаси учун овоз йиғаётганини айтган фуқаро 100 та овозга 100 доллар бераётганини қайд этди. Аммо у бошқа саволларимизга жавоб беришни хоҳламади.

Видеорепортажнинг тўлиқ вариантини Youtube`даги саҳифамизда кўришингиз мумкин.

Материални Миролим Исажонов тайёрлади, тасвирчи ва монтажчи Маъмуржон Обраҳматов.