Ўзбекистонда фирибгарликда айбдор деб топилган шахслар жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинмайди ва жазо енгилроғи билан алмаштирилмайди. Бу пайшанба куни Олий Мажлис Сенати томонидан маъқулланган Жиноят кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонунда назарда тутилган.

Ўзгартишларга кўра, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, фирибгарлик, солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш учун ҳукм қилинган, бироқ жиноят оқибатида етказилган зарарни тўлиқ қопламаган шахсларга ҳамда пора олиш, пора бериш, пора олиш-беришда воситачилик қилиш жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш каби нормалар қўлланмайди.

Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари Шуҳрат Чуллиев сўнгги йилларда «оддий фуқаролар ҳам, мансабдор шахслар ҳам» содир этаётган фирибгарлик билан боғлиқ жиноятлар кўпайганини таъкидлади.

Қонун президент томонидан имзоланиб, ҳужжат кучга киргач, «фирибгарлар ҳам қўнғироқдан қўнғироққача [қамоқда] ўтиришади», — деди у.

«Амалиётда 5 йил, 6 йил муддат берилгани, одамларнинг ёки давлатнинг миллиардлаб пулларини ўғирлаганлар берилган узоқ муддатнинг фақат учдан бир қисмини ўтаб, озодликка чиқиб кетаётганини кўп кўряпмиз. Улар „Яшириб қўйган пулларимни бемалол ишлатиб юравераман“ деб ўйлаб, бор-йўғи бир йил ўтириб, озодликка чиқиб келяпти. Энди 6 йил беришса, 6 йил, 8 йил беришса, 8 йил — бу шахслар ҳам қўнғироқдан қўнғироққача ўтиради. Ўйлайманки, жазо кучайтирилгандан сўнг фирибгарлик ҳам камайиб борса керак», — деди сенатор.

Эслатиб ўтамиз, Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 184-моддалари (Солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш)га кўра, етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда, шахсга нисбатан озодликни чеклаш ёки қамоқ жазоси қўлланмайди.

«Газета.uz» аввалроқ коррупцияга оид жиноятлар рўйхатини белгилаб берувчи ва уларни содир этганлик учун жазони кучайтирувчи қонун тафсилотлари ҳақида ёзганди.