Сенатнинг ўттиз тўққизинчи ялпи мажлисида «Жиноят кодексига коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилди.

Таъкидланишича, Жиноят кодекси «коррупцияга оид жиноятлар» деган янги атама билан тўлдирилиб, унга кўра кодекснинг тегишли моддалари, қисми ва бандларида назарда тутилган қилмишлар коррупцияга оид жиноятлар деб топилиши белгиланмоқда ҳамда ушбу жиноятлар учун жазони кучайтириш назарда тутилмоқда.

Ушбу қонун билан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига киритилаётган ўзгартиришлар орқали ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, фирибгарлик, солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш учун ҳукм қилинган, бироқ жиноят оқибатида етказилган зарарни тўлиқ қопламаган шахсларга ҳамда пора олиш, пора бериш, пора олиш-беришда воситачилик қилиш жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш каби нормалар қўлланилмайди.

Сенаторлар томонидан киритилаётган ўзгартиришлар коррупциявий жиноятларни аниқ белгилаш ва ушбу турдаги жиноятларга қарши тизимли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, коррупциявий жиноятларни олдини олиш, коррупциявий жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан адолатли жазо белгиланишига ҳамда жиноят оқибатида жабрланганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилинишига хизмат қилиши қайд этилди.

Қонун билан Жиноят кодексига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда:

1) «коррупцияга оид жиноятлар» тушунчасига таъриф берилиб, унга кўра қуйидаги белгиларга эга 16 та турдаги жиноятлар бу туркумга киритилмоқда:

а) мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш (167-модда);

б) хизмат мавқеидан фойдаланиб, фирибгарлик қилиш (168-модда);

в) ғаразгўйлик мақсадида содир этилган ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, ҳокимият ҳаракатсизлиги, мансаб сохтакорлиги (192−11, 205, 206, 208, 209-моддалари);

г) пора олиш, пора бериш, пора олиш-беришда воситачилик қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш (192−9, 192−10, 210, 211, 212, 213, 214, 301, 243-моддалар);

2) коррупцияга оид жиноятлар учун жазо чоралари янада кучайтирилмоқда, хусусан:

а) ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш (167-модда) ёки фирибгарлик жиноятларини (168-модда) мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш ёки хизмат мавқеидан фойдаланиб содир этиш қилмишлари тегишли модданинг оғирроқ қисми билан малакаланиб, мазкур қилмишлар учун 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилмоқда (амалдаги қонунда 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган);

б) жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатларда пора олиш, пора бериш ва пора олиш-беришда воситачилик қилиш жиноятлари учун (210−212-моддалар) жазо чоралари кучайтирилиб, 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда (амалдаги қонунга кўра, 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган).

в) ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, ҳокимият ҳаракатсизлиги, мансаб сохтакорлиги жиноятлари (205−209-моддалар) «ғаразгўйлик»ниятида содир этилгандагина коррупциявий жиноят ҳисобланиши белгиланиб, оғирроқ жазо чоралари назарда тутилмоқда (180 млн сўмгача жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш);

г) нодавлат тижорат ташкилотининг хизматчисини ёки давлат органининг, давлат иштирокидаги ташкилотнинг ёхуд фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш ёки уларнинг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши жиноятлари учун (192−10, 192−11, 213 ва 214-моддалар) жазо чоралари кучайтирилиб, озодликдан маҳрум қилиш жазо чоралари билан тўлдирилмоқда;

3) коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахсларни жавобгарликка тортиш муддати ўтиши ва жазодан озод қилиш институтларининг қўлланилишига оид талаблар кучайтирилмоқда. Жумладан:

а) коррупцияга оид ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар учун жавобгарликка тортиш ва жазони ижро этиш муддатининг ўтиб кетганлиги муносабати билан жавобгарликдан ва жазодан озод қилиш муддатлари 2 бараварга оширилиб, 10 йил этиб; (амалдаги қонунга кўра, бошқа турдаги ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар учун 2 йил, унча оғир бўлмаган жиноятлар учун 4 йил).

б) коррупцияга оид оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этган шахслар муддат ўтиши муносабати билан жазодан ва жавобгарликдан озод этилмаслиги;

в) коррупцияга оид айрим жиноятлар бўйича етказилган зарарни тўлиқ қопламаган шахслар ҳамда порахўрлик жиноятларини содир этган шахслар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинмаслиги ва жазо енгилроғи билан алмаштирилмаслиги белгиланмоқда.

Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.