Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (ЎзМТРК) таркибида президентнинг 2012 йилдаги қарори билан ташкил этилган ва 2013 йил январдан фаолиятини бошлаган «Маданият ва маърифат» телеканали «Карвон» номи билан қайта ташкил этилиши кутилмоқда. Бу ҳақдаги президент қарори лойиҳаси Маданият ва туризм вазирлиги ҳамда ЎзМТРК томонидан тайёрланиб, Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими (project.gov.uz)га жойлаштирилган (аммо жамоатчилик муҳокамаси учун Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали (regulation.gov.uz)га чиқарилганича йўқ).

Қарор лойиҳасининг тармоқларда эълон қилинган скриншотларида «Ўзбекистон кино, театр, мусиқа, хореография, цирк, тасвирий ва амалий санъат намуналарини, ташқи ва ички туризмни ҳар томонлама кенгайтириш борасида яратилаётган имкониятларни, бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини юксалтириш, миллатлараро ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни, фуқаролар тотувлигини таъминлаш, шунингдек, хорижий мамлакатлар билан дўстона, тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотлар жараёнини кенг ёритиш» эски телеканал негизида ташкил этиладиган янги телеканалнинг асосий вазифалари сифатида кўрсатиб ўтилганини кўриш мумкин.

Ҳужжат лойиҳасида таъкидланишича, телеканалнинг шу вақтгача бўлган молиялаштириш ва меҳнатга ҳақ тўлаш тартиби, штат бирликларини сақлаб қолинади ва Маданият ва туризм вазирлиги тизимига ўтказилади. Ушбу эҳтимолий ўзгаришларни нафақат телеканал ходимлари, балки жамоатчилик вакиллари маъқулламаяпти.

Жамоатчилик муносабати

Таниқли ёзувчи Назар Эшонқулнинг таъкидлашича, «Маданият ва маърифат» телеканалини тугатиш, уни бошқа ўзанга буришни «миллат эртасини маданият ва маърифатдан бебаҳра қилиш билан баробар хатти-ҳаракат» деб баҳолаш мумкин.

«Дунё маданият вазирлиги борлиги ёки йўқлиги билан эмас, маданияти бор ёки йўқлигига қараб халқларни ҳурмат қилади. Миллат маданияти вазирлик тасарруфидаги соҳа эмас, балки миллатнинг мавжудлигини, қудратини, онгу идрогини намоён қилувчи умуммиллий маънавий, моддий фаолиятдир. Маданиятсиз ва маърифатсиз миллатнинг эртанги куни зулмат, жаҳолат, парокандалик ва охир-оқибат бошқа бир маданиятга қуллик ва қарамлик билан якун топади. Тарихга боқинг. Шу керакми, сизларга? Маданият вазирлиги вазифалари билан миллий маданиятнинг, маърифатнинг фарқига бормас экансиз, нима қиласиз, сувни лойқалатиб, муҳтарам лойиҳа яловбордорлари?!», — дейди Назар Эшонқул.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, шоир Нодиржон Жонузоқнинг фикрича, номида «маданият» сўзи иштирок этган телеканални йўқотиш Маданият ва туризм вазирлигига обрў олиб келмаслиги мумкин.

«Эҳтимол, „Маданият ва маърифат“ телеканали бугунги шиддатли замонда кимлар учундир вазмин, ҳатто зерикарли туюлаётган бўлиши мумкин. Лекин тафаккурнинг мароми шундай: у омманинг хоҳишига қараб енгил-елпи қиёфага киролмайди — масхарабозлик тутуми унга ёт. У халқнинг ўйноқи майлларини эмас, қалби ва онгини нишонга олади, миллатнинг тийнатини поклашга, уни маънан юксалтиришга ҳаракат қилади. Шу боис эртасини ўйлайдиган давлатдагина мана шундай „вазмин, зерикарли“ телеканал фаолият юритади. Уни кўраётган томошабинларнинг сони эмас, савияси муҳим ҳисобланади. Унга тушаётган реклама миқдори эмас, миллат хазинасига киритаётган маънавий-руҳоний сармояси эътиборга олинади», деб ёзган у.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Шодмонқул Салом «Карвон» телеканали «Маданият ва маърифат» телеканалини қурбон қилиш эвазига ташкил этилаётганидан ажабланаётганини қайд этган. «Агар шундай қилиш лозим бўлса, янги телеканал очиш ёки маданиятимизни ерга уришгагина ва савиясизликка хизмат қилаётган бошқа каналлар ҳисобига буни амалга ошириш мумкин. Ҳа, ростдан ҳам шундай қилиш ҳукумат учун жуда осон ва халқ учун фойдалироқ», — деган у.

Унинг сўзларига кўра, ташкил қилинганига 10 йил тўлган «Маданият ва маърифат» телеканали одамларнинг дид ва савиясини кўтаришдек муҳим вазифани ўз елкасига олиб, буни собитлик билан адо этиб келмоқда.

«Биз нимани истаяпмиз ўзи? Бизга миллийлик, ўзликни англаш учун тарих, адабиёт керак бўлмаса, нима керак? Нима бизни асраб қолади? Фақат шоу-бизнес билан эҳтиёжлар қондирилмаслигини, аксинча ҳозирги пайтда одамларимизнинг феъл-атворидаги ўзгаришларга телеканаллар ҳам катта ҳисса қўшаётганини наҳотки тушуниш қийин. Шундай экан, халққа хизмат қилиб турган, миллионлаб томошабинлар дастурларини интиқ бўлиб кутадиган „Маданият ва маърифат“ телеканалига дахл қилиш ўзимизга — ёшларимиз келажагига душманлик бўлади. Буни тушуниш керак», — деган Шодмонқул Салом.

Санъатшунос журналист Иқбол Қўшшаеванинг сўзларига кўра, «Маданият ва маърифат» телеканалининг йўқ қилиниши оқибатида «миллий кўргулик маънавий кулфатга айланади».

«Тушунаман, айиқнинг ўлими катта ваҳшийлик, уч бола ва онанинг ҳалокати чексиз фожиа, Хоразм воқеалари шармусорлик. Бироқ шундай ҳикмат бор: „Бугун китобга ўт ёққан миллат — эртага одамларни тириклайин ёқиб юборади“. Фикр минбари, асл санъат асарларининг майдони „Маданият ва маърифат“ телеканалининг йўқ қилиниши одамларни ёқадиган, қадриятларни, ақл-тафаккурни кулга айлантирадиган гулханга ҳозирлик кўриш дегани. Бу миллий кўргулик маънавий кулфатга айланади!», — деб ёзади журналист.

Унинг таъкидлашича, янги телеканални ташки этиш тўғрисидаги қарор лойиҳасида «адабиёт, тасвирий санъат, маънавият, миллий ҳунармандчилик, илм-фан ва таълим учун тангадек жой ажратилмаган». «Ҳолбуки, Абдулҳамид Чўлпон „Адабиёт яшаса-миллат яшайди“ деб айтиб кетган эди», — дея қўшимча қилади Иқбол Қўшшаева.

Журналист Азиза Қурбонова «Карвон» телеканали концепциясидаги вазифа ва йўналишларни бугунги кунда «Маданият ва маърифат», «Ўзбекистон тарихи» ва ҳатто «Наво» телеканаллари ҳам бажариб келаётганини таъкидларкан, давлат телеканалларининг ислоҳ қилиш ва янги телеканалларни очиш жараёни борини йўқ қилиш эвазига бўлиши керак эмаслигини қайд этиб ўтган.

«Оптималлашаётгандир десам, „Карвон“ телеканали концепциясида айнан „адабиёт“ деган жойи йўқ. Аммо қолган ҳамма нарса бор: кино, театр, мусиқа, хореография, цирк, тасвирий ва амалий санъат, ташқи ва ички туризмни тарғиб қилиш. Адабиётни-чи? Адабий жараённи ким тарғиб қилади? Эфир кўриб, руҳ маънавий озуқа олса бўладиган телеканаллар бир ҳовучгина, яхшигина аудиторияси бор „Дунё бўйлаб“ рус тилида эфир узатадиган бўлди, энди бу канални ҳам Маданият ва туризм вазирлигига берилишида мантиқ кўрмадим», — деб ёзган журналист ҳужжат лойиҳаси қайта кўрилиши кераклигини таъкидлаган.

Блогер Шаҳноза Соатова ҳамкасби Азиза Қурбонованинг фикрларини қўллаб-қувватларкан, шундай дейди: «Адабиётдан қўрқишяптими? Тирик адабиёт қилган ишни тирик кино, тирик театр, тирик мусиқа ҳам қила олади. Қила бошлаши мумкин ҳам. Шунда умуман маданият мавзусини олиб ташлашармикан концепцияларидан? Мазмун йўқолади (ҳозир ҳам у кўп эмас ўзи). Бу хатони қилмасликка ақл етади деб умид қиламан — мен шунақа оптимистман, ҳа!».

Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Одилжон Тожиев ҳам ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

«Халқимизга «Маданият ва маърифат» телеканали керак. Бу борадаги қарор лойиҳаси кенг жамоатчилик, зиёлилар томонидан танқидга учради. Мен ҳам бир зиёли, ўзбек халқининг оддий бир вакили сифатида руҳониятимизни тўйинтириб турган телеканалнинг «ёпилиши»га қатъиян қаршиман. Энг чатоқ томони, «ҳар бир вазирликка — биттадан телеканал» деган тамойилни ўйлаб топманглар, барака топгурлар», — дейди Тожиев.

Телеканал раҳбарияти

«Маданият ва маърифат» телеканали директори Воҳид Луқмонов мазкур ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилаётганидан аввалдан хабардор бўлганини маълум қилди.

«Телеканал фаолиятини ҳар томонлама (ғоявий-бадиий, молиявий-иқтисодий, техник-технологик жиҳатдан) ривожлантириш, телеканални янада кўримли қилиш бўйича ўзимизнинг аниқ таклифларимизни берган эдик. Афсуски, жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган ҳужжат лойиҳасида бизнинг таклифларимиз инобатга олинмаган. Бу ҳужжат ҳали лойиҳа. Ишонамизки, бу лойиҳа қизғин муҳокама жараёнидан ўтиб, ҳамманинг фикр-мулоҳазалари, таклиф ва ғоялари инобатга олинган ҳолда, кенг жамоатчилик кутаётган қарорга айланади», — дея муносабат билдирди у.

Маданият ва туризм вазирлиги муносабати

Жамоатчиликнинг танқидий муносабатидан сўнг маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков «Маданият ва маърифат» телеканалининг тугатилиши юзасидан хавотир билдираётган фаолларга видеомурожаат қилиб, уларни ҳамкорликка чақирган.

«Зиёли қатламнинг мана шу жараёнга бефарқ бўлмаганидан жуда ҳам хурсандмиз. Мен дўстона ҳамкорликка чақириб қоламан. Бу муҳокама шунчаки муҳокамами ёки ҳақиқатда телеканалнинг тақдири ўйлантираётган инсонларми? Агар телеканалнинг тақдири ўйлантираётган бўлса, марҳамат, биз билан ҳамкорликка киришинг. Биз ҳар қандай таклиф, фикр, мулоҳазаларни қабул қилишга, эшитишга тайёрмиз. Мақсадимиз — мана шу халқимизга маърифат улашиб турган телеканални янада бойитиб, янада сифатлироқ хизмат кўрсатиши тарафдоримиз», — деди Назарбеков.