Тошкентнинг Сергели туманида аёл 3 нафар фарзанди билан ўзини тўққизинчи қаватдан ташлаб юборгани хабар қилинганди. Бош прокуратура матбуот хизмати ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берди.

3 апрель куни соат 19:20 да 1996 йилда туғилган А.Д. 5 ва 4 ёшли фарзандларини (бир қиз, бир ўғил) пастга ташлаб юборган. Сўнг қўлига бир ёшли фарзандини (қиз) олиб, ўзи ҳам пастга сакраган. Оқибатда уларнинг барчаси олган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) ва 103-моддаси (Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Олинган маълумотларга кўра, марҳума аёл Тошкент вилояти Зангиота туманида турмуш ўртоғи билан истиқомат қилган хонадонда 2022 йилнинг октябрь ойида ёнғин содир бўлгани сабабли 3 нафар фарзандлари билан бирга онасининг Сергели тумани 8-мавзедаги уйига келиб, улар билан бирга яшаб келган. Ушбу ҳолатлар унинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатган.

Шунингдек, марҳуманинг турмуш ўртоғи ҳозирда Умра зиёрати мақсадида Саудия Арабистонда эканлиги аниқланган.

Таъкидланишича, тергов гуруҳи томонидан ушбу фожеанинг барча эҳтимолий сабабларини синчиковлик билан текшириш мақсадида қатор тергов тахминлари ишлаб чиқилган. Хусусан, оилавий келишмовчилик, марҳумада кузатилган руҳий ўзгаришларга олиб келган сабаблар, ўз-ўзини ўлдириш даражасига келтириш ва бошқа тахминларнинг барчаси дастлабки тергов жараёнида батафсил текширилади.