Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати ўтган 3 ойда «Тез ёрдам» хизматига мамлакат бўйича жами 3 миллион 90 минг 479 та чақириқ келиб тушганини маълум қилди.

Таъкидланишича, беморлардан 276 минг 566 нафари шифохоналарга госпитализация қилинган. Энг кўп мурожаатлар:

  • Фарғона вилоятида — 359 795 та;
  • Андижон вилоятида — 315 941 та;
  • Тошкент шаҳрида — 307 994 та;
  • Тошкент вилоятида — 294 037 та;
  • Наманган вилоятида — 283 665 та қайд этилган.

Маълумот учун, 2022 йил давомида тез тиббий ёрдам хизматига жами 13 миллион 22 минг 162 та чақириқ келиб тушган эди.

Баъзан чақириқ бўйича аёллар эмас, эркаклар келгани ёки хизматдан норози бўлгани боис фуқароларнинг тиббий ёрдам ходимларига босим қилгани, куч ишлатгани билан боғлиқ ҳолатлар учраб туради.

Жумладан, Тошкент тез тиббий ёрдам фельдшери Злата Гафурова чақириқ бўйича аёллар эмас, эркаклар келгани боис онаси учун шифокорларни чақирган эркак томонидан таҳдидлар бўлганини маълум қилган. Участка нозири эса қарши ариза ёзган тиббиёт ходимаси 12 млн сўм жаримага тортилишини айтган.

Февраль ойида эса Сергели туманида тез ёрдам машинаси ҳайдовчиси калтакланган. Аниқланишича, беморнинг яқини фельдшерга яхши қарамагани учун куч ишлатмоқчи, ҳайдовчи эса уни ҳимоя қилмоқчи бўлган.