Ўзбекистонда 2023 йилда иқтисодий ўсиш 5,1 фоизни ташкил этади ва ўрта муддатли истиқболда (кейинги икки йилда мос равишда 5,4 фоиз ва 5,8 фоиз) босқичма-босқич тезлашади, дейилади Жаҳон банки томонидан 6 апрелда чоп этилган «Европа ва Марказий Осиё минтақаси иқтисодиётига шарҳ» ҳисоботида.

Бу ҳозирда прогноз қилинаётган минтақадаги энг юқори ўсишдир, деб хабар берди «Газета.uz»га Жаҳон банкининг Тошкентдаги ваколатхонаси матбуот хизмати. Банк томонидан январь ойида эълон қилинган жорий йил прогнози 0,2 фоиз пунктга, 2024 йил учун эса 0,3 фоиз пунктига кўтарилган ҳолда қайта кўриб чиқилди.

Украинадаги уруш ва Россияга қарши жорий этилган санкциялар билан боғлиқ транспорт логистикасидаги қийинчиликлар озиқ-овқат ва энергия нархларининг юқори бўлишига ва истеъмолни камайтиришга ёрдам бериши кутилмоқда.

Хусусий сармоя ва савдонинг кўтарилиши ҳамда Ўзбекистонга пул ўтказмаларининг 2022 йилдаги энг юқори чўққисига чиққанига нисбатан барқарорлашиши кутилмоқда. Хитой иқтисодиётининг кутилаётган тикланиши Ўзбекистондан тўқимачилик ва озиқ-овқат экспортига бўлган талабни ошириши мумкин.

Олтин ва мис экспортидан келадиган тушумнинг ошиши, шунингдек, давлат инвестицияларининг секинлашиши жорий йилда бюджет тақчиллигини ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3,3 фоизгача камайтиради.

Ҳукумат ташқи қарзлар бўйича чекловларга амал қилиши кутилмоқда, бу эса 2025 йилга бориб давлат қарзи ва умумий ташқи қарзнинг ялпи ички маҳсулотга нисбатан 32 фоиз ва 55 фоизгача босқичма-босқич қисқаришига олиб келади.

Ижтимоий ҳимоя дастурларини янада кенгайтириш мамлакатда камбағаллик даражасини пасайтиришга хизмат қилади. 2023 йилда бу кўрсаткич 12 фоизга тушиши кутилмоқда.

Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиш прогнозига салбий таъсир кўрсатадиган хавфлар қаторидан Россия иқтисодиётининг янада қисқариши, шунингдек, жаҳон молия бозорларидаги кескин шароит жой олган.

Олтин, табиий газ ва мисга жаҳон нархларининг эҳтимолий ошиши, шунингдек, мамлакатда ишлаб чиқариш унумдорлигининг юқори ўсиши Ўзбекистон иқтисодиётининг ижобий тенденциялари қаторига киради.

2022 йил шарҳи

Ҳисоботга кўра, 2022 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти пул ўтказмалари, истеъмол ва экспорт ҳажмининг ўсиши ҳисобига 5,7 фоизга ўсган.

Олтин бўлмаган экспорт 21 фоизга (АҚШ долларида), шу жумладан тўқимачилик, рангли металлар, ўғитлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти ўсди, бу кўп жиҳатдан Россияга экспортнинг ортиши (52 фоизга) билан боғлиқ.

Транспорт ва туризм соҳасида хизматлар экспорти 53 фоизга ошди. Бу Россиядан келаётган сайёҳлар ёки эмигрантлар сонининг 3 баробар ортгани, шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан келган сайёҳлар сонининг кўпайиши билан изоҳланади.

2022 йилда пул ўтказмалари ЯИМга нисбатан икки баравар кўпайиб, 18,9 фоизни ташкил этди. Бунга Россия рублининг мустаҳкамланиши ва мигрантлар оқимининг кўпайиши сабаб бўлмоқда. Ушбу молиявий оқимларнинг баъзилари Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан Ўзбекистонга кўчиб келган россияликлар ва россиялик компаниялардан шахсий пул ўтказмаларининг кўпайишида акс этади.

Давлат бюджети даромадларининг ошиши ҳисобига бюджет тақчиллиги 2021 йилдаги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 6,1 фоиздан 2022 йилда 4,2 фоизга қисқарди. Ўтган йил якунига кўра Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 35,8 миллиард долларни ташкил қилган. Ушбу ресурслар, Жаҳон банкининг ҳисоб-китобларига кўра, 14 ой давомида импорт харажатларини қоплаш учун етарли.

Озиқ-овқат, ёқилғи ва транспорт харажатларининг ошиши декабрь ойида инфляцияни 12,3 фоизгача кўтарди. 2022 йилда миллий валюта АҚШ долларига нисбатан номинал 3,8 фоизга қадрсизланди.

Ишсизлик даражаси 2021 йилдаги 9,6 фоиздан 2022 йилда 8,8 фоизгача — COVID-19дан олдинги даражага тушди. Ёшлар ва хотин-қизлар, шунингдек, ривожланишдан орқада қолаётган ҳудудларда ҳам ишсизлик даражаси юқори.

Камбағаллик даражаси (миллий камбағаллик чегарасидан фойдаланган ҳолда) 2021 йилдаги 17 фоиздан 2022 йилда 14 фоизгача камайди, бу аҳоли даромадларининг, шу жумладан меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмалари ҳисобидан юқорилиги билан изоҳланади.