Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги 1-оилавий меҳрибонлик уйи раҳбари Юлдуз Худайбергенова тарбияланувчиларни фоҳишалик орқали пул ишлашга мажбур қилган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Kun.uz нашрига Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари таҳсил олаётган мактаб директори Фарҳод Раҳмонов маълум қилди.

Аввалроқ, раҳбар қарийб бир йил давомида уч нафар вояга етмаган ўқувчини вилоятнинг камида икки нафар амалдори билан жинсий алоқада бўлишга мажбурлагани маълум бўлган эди. 2022 йил сентябрида Дилмурод Отамуратов раислигида Хива туман суди Юлдуз Худайбергеновани 5,5 йилга озодликдан маҳрум қилган, шунингдек, вилоят адлия бошқармасининг собиқ бошлиғи Ойбек Машарипов ва Янгиариқ тумани фавқулодда вазиятлар бўлимининг собиқ раҳбари Анвар Курязовга 1,5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлаган.

Иккала шахс ҳам ўзларининг айбсизлигини исботлаш учун суд қарори устидан апелляция шикояти берган, бироқ апелляция суди декабрь ойида суд қарорини ўз кучида қолдирган. Орадан етти ой ўтиб, жамоатчилик бундан хабар топгач, Хоразм вилояти прокуратураси протест келтирди, шундан сўнг Ўзбекистон Олий суди апелляция инстанцияси қарорини бекор қилиб, ишни қайта кўриб чиқиш учун юборди.

Kun.uz маълумотларига кўра, Хивадаги болалар уйи ёпилгач, у ердаги тарбияланувлар бошқа меҳрибонлик уйлари, хусусан, оилавий болалар уйларига тақсимланган. Жумладан, Юлдуз Худойберганова раҳбарлик қилган Урганч шаҳридаги 1-сонли меҳрибонлик уйида жинсий тажовуз қурбони бўлган уч нафар қиздан ташқари бошқа қиз ва ўғил болалар ҳам тарбияланган, улар энг яқин мактабга ўқишга қабул қилинган.

болалар уйи, хоразм иши

Фарҳод Раҳмоновнинг сўзларига кўра, қизлар вилоят халқ таълими бошқармаси буйруғи билан ушбу мактабга келганида, 9 ёки 11 нафар бўлган.

«Тахминан бир ойдан кейин [қизлар] ўқишга келмай қолишди. Психолог ва бошқаларга топшириқ бердим ўрганиб чиқиш ҳақида. Қаровчи аёлнинг айтишича, касал бўлган экан. Лекин биз шубҳаландик, чунки ходимларимиз борган пайтда касал бўлгани ҳақида белгилар йўқ эди», — дейди Фарҳод Раҳмонов.

Мактаб психологи Гулнора Тасимованинг қайд этишича, ўқувчи қизлар 2021 йил апрелда келган.

«Ўша вақтда энг каттаси 10-синф эди, жами 9 нафар эди. Келишгач, директоримиз мен билан маслаҳатлашди, алоҳида шуғулланиш бўйича топшириқ берди. Тажрибали синф раҳбарига қўйишга ҳаракат қилдик. Маълум вақт ўтгач, синф раҳбари мурожаат қилди. Ўқувчилар билан келишмовчилик бўлибди. Янгилар сал шаддодроқ қизлар экан, деди. Гаплашиб, тушунтириш ишлари олиб бордик», — дейди у.

Мактаб психологининг таъкидлашича, қизларнинг хулқи ёмон бўлмаган. Мактаб маъмурияти улар билан доимий иш олиб борган.

Қизларнинг тез-тез дарс қолдириши, қолаверса, юриш-туришидаги ўзгаришлардан хавотирланган мактаб директори бу ерда қандайдир гап борлигидан гумонсирайди ва ўқувчилардан гап олишга ҳаракат қилади. Директорнинг самимиятига ишонган қизлардан бири «ёрилади» ҳамда ўзлари тарбияланаётган меҳрибонлик уйида содир бўлаётган ақл бовар қилмас жирканчликлар ҳақида сўзлаб беради, деб ёзади нашр.

«Бизда фақат кундуз куни назорат қилиш имкони бор, бошқа пайт нима бўлаётганини билмаймиз. Гаплашиб кўргач, маълум бўлдики, уларни уйда жазолашар, уришар экан. Қизларнинг укаларини калтаклаб, руҳий босим билан синдиришган. Айтишларича, Юлдуз қизларга спиртли ичимликлар ичиртириб, кейин тунги клубларга олиб боришар экан. 15, 16, 17 ёшли қизлар ўша жойлардан мижоз топиб, улар билан кўнгилхушлик қилишга мажбурланган. Фоҳишаликдан тушган пулни Юлдузга олиб келиб беришган. Меҳрибонлик уйини ҳам «притон»га айлантиришган экан. Буларнинг барчасини қизларнинг ўзлари кўзда ёш билан айтиб беришган. Уларнинг кўрсатмаларини ёзиб олиб, тегишли идораларга бу ҳақда хабар берганимдан кейин барчаси фош бўлди», — дейди Фарҳод Раҳмонов.

болалар уйи, хоразм ишиЖинсий тажовуз қурбони бўлган икки қиз мактабда бир синфда таҳсил олади. Уларнинг синф раҳбари Ўғилжон Бектурдиева қизлардан бирини асраб олмоқчи бўлади. Лекин мутасадди идоралар томонидан бунга рухсат берилмайди.

«Улардан бирини қиз қилиб олмоқчи бўлдим. Директоримиз билан ҳам бу ҳақда маслаҳатлашганман ҳаттоки. Ўзимниям битта қизим бор, шу билан опа-сингил бўлиб ўссин, ўзим тарбиялайман дегандим. Ота-онасизлиги унинг айби эмас-ку. У ҳам ҳаётда ўз ўрнини топишга ҳаққи бор. Ҳаракати бор эди, ўқишини истагандим. У пайтда тергов жараёни кетаётганди. Қолаверса, асраб олишга дарров рухсат беришмас экан. Жойим ҳам кичкиналик қилди. Шу каби сабаблар билан у қизни асраб олишга рухсат ололмадим», — дейди Ўғилжон Бектурдиева.

Нашр маълумотларига кўра, синфдошлари қизларнинг меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси эканини билишмаган. Уларнинг ўксиб қолиши ёки тенгдошлари томонидан камситилиши олдини олиш мақсадида мактаб раҳбарияти ҳам, ўқитувчилар ҳам бу маълумот тарқалишига йўл қўймаган.

Ўғилжон Бектурдиева айрим интернет фойдаланувчилари рўй берган воқеаларда қизларнинг ўзини айблашга уринаётганига муносабат билдириб, бу фикрларга қўшилмаслиги, барчасига улар тушиб қолган муҳит сабабчи эканини таъкидлади.

«Биринчидан, улар ҳали бола эди. Иккинчидан, уларнинг тушиб қолган муҳити шунақа бўлган. Мактабимизда, синфимизда яхши муҳит шаклланганди, бу ерга келганларидан сўнг улар яхши томонга ўзгаришди. Мана ўша қизларимиздан бири олий таълим муассасаси талабаси бўлди. Давлат томонидан унга барча жиҳозлари билан бирга бир хонали уй ҳам берилди. Қолганларининг ҳам ҳаёти изига тушмоқда. Улар билан тез-тез хабарлашиб турамиз. Синфдошларининг тўйларида қатнашиб келишади. Бўлган ишларда муҳит айбдор деб ҳисоблайман, чунки улар ёш ниҳол, биз қандай парваришласак, шундай бўлиб ўсади», — дейди ўқитувчи.

Урганчда содир бўлган воқеалар ҳақида биринчи бўлиб гапирган Nemolchi.uz зўравонликка қарши лойиҳаси муаллифи Ирина Матвиенко мактаб директорининг гапларига изоҳ берди.

Унинг таъкидлашича, мактаб директори «бу иш Давлат хавфсизлик хизмати назоратида кўрилганини айтишни унутиб қўйган. Унинг сўзларига кўра, аввалига у мудира орқасида катта одамлар тургани ва қизлар ҳеч нарса қила олмаслигини айтгани учун тегишли органларга мурожаат қилишдан қўрққан.