Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг тегишли буйруғи билан Хидайходжаев Жахонгир Исамутдинович Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи этиб тайинланди, деб хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Жахонгир Хидайходжаев 1979 йилда Тошкент вилоятида туғилган. Шу вақтга қадар Ташқи ишлар вазирлиги тизимида турли лавозимларда ишлаган.

У 2019 йилда 40 ёшгача бўлган, бошқарув лавозимида фаолият юритаётган топ кадрлар рўйхатидан ўрин олган.

Эслатиб ўтамиз, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги собиқ бошлиғи Афзал Ирматовга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича айб эълон қилиниб, у ҳибсга олинган. Ҳозирда унинг хатти-ҳаракатлари юзасидан тергов ишлари олиб борилмоқда.