Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари Ўзбекистонда 36 турдаги товарларга божхона божининг ноль ставкаси белгилангани нархлар даражасига қай тарзда таъсир этганини ўрганди. Натижалар баъзи нархлар тегишли равишда тушганини кўрсатди.

Президент 2024 йилгача 36 турдаги озиқ-овқат ва товарлар — пишлоқ, творог, шоколад, қандолат маҳсулотлари, олма, нок, беҳи, йогурт, кефир, сут маҳсулотлари, макарон, чўчқа гўшти, пиёз, салат барги импортига 2024 йилгача ноль ставка жорий этилишини тасдиқлаган.

Таҳлил учун бож тўловчи ва асосан расмий иш юритувчи ҳисоблангани сабабли миллий супермаркетлар нархлари асос қилиб олинди. Жумладан, 96 турдаги 3120 та истеъмол товарлари бўйича статистика data-scraping йўли билан юклаб олинган. Ҳар бир товар тури бўйича нархлар февраль ва март ойининг охири учун солиштирилган.

Натижаларга кўра, божхона тарифларининг туширилиши баъзи нархларнинг тегишли равишда тушишига олиб келган. Жумладан, шоколад маҳсулотлари ўртача 463 сўмга, сабзавот ва мева консервалари — 802 сўмга, гўшт консервалари — 1164 сўмга, мол гўшти — 375 сўмга, вафли ширинликлари — 415 сўмга, бринза — 275 сўмга арзонлаган.

Шу билан бирга, божхона божлари туширилган бошқа турдаги маҳсулот нархларида ҳозирча ўзгариш бўлмагани аниқланди. Жумладан, соқол олиш воситалари, ёрмалар, йогурт, қаймоқ, творог каби сут маҳсулотлари нархи ўзгармаган. Соч ювиш воситалари, чой ва кофе, сабзавот, мураббо ва соуслар нархи эса бироз ошган.

Бундай ҳолат импорт инфляциясининг бождан ташқари омиллари таъсири кучли экани ёки бу маҳсулотлар орасида кўпларига талаб ички ишлаб чиқариш ҳисобига қондирилаётгани билан изоҳланиши мумкин, дейилади хабарда.

Таъкидлаш жоизки, ушбу товарлар учун ноль ставкалари биринчи марта жорий этилмоқда. 2023 йил 1 июлгача 22 турдаги озиқ-овқат, жумладан, гўшт, балиқ, сут маҳсулотлари, мева ва ўсимлик ёғи учун ноль ставкалар белгиланганди.

Бундан ташқари, янги рўйхатга шоколад, қандолат маҳсулотлари, олма, нок ва беҳи, йогурт, кефир ва бошқа сут маҳсулотлари, макарон, пишлоқ, бошқа маҳсулотлар киради, уларнинг ставкалари 2022 йилнинг ёзида ўзгартирилиши таклиф қилинган, аммо якуний рўйхатга киритилмаган.

Озиқ-овқат маҳсулотларининг янги рўйхатига имтиёзлар жорий этилиши ҳақида президент Шавкат Мирзиёев 23 март куни озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш, баҳорги экин мавсумини самарали ташкил этиш бўйича асосий вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилган.