17 ноябрда президентнинг «Истеъмол бозорларида нархлар барқарорлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги [ПФ-251-сон] фармони қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Ҳужжатга кўра, тегишли фармонда келтирилган 22 турдаги товарларга (жумладан, балиқ, янги ёки қуритилган цитрус мевалари (лимондан ташқари), маргарин ва бошқа) импорт божхона божининг ноль ставкаси қўлланиш муддати 2023 йил 1 июлгача узайтирилиб, мазкур рўйхатга буғдой уни ёки буғдой-жавдар уни ҳам киритилди.

Маълумот учун, ҳукумат қарори билан 2021 йил октябрдан 2022 йил 1 майгача банан, плантайнлар, анжир, ананас, авокадо, манго, гуайява, мангостан, олма, нок, киви ва бошқа цитрус мевалар божхона божидан озод қилиниши белгиланганди.

Кейинчалик эса, президент фармони билан 2022 йил 1 майдан бошлаб 2023 йил 1 январга қадар импорт товарларни олиб киришда божхона божларининг ноль ставкалари белгиланди. Ўзгартиришлар мазкур имтиёзларни 2023 йил июлигача узайтиришни кўзда тутади.