БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги меҳрибонлик уйида қизларнинг жинсий зўравонлик ва эксплуатация қилиниши ҳақида шу кунлардаги хабарлардан чуқур хавотирда эканлигини билдирди.

«Жинсий зўравонлик болалар ҳуқуқларининг жиддий бузилиши бўлиб, у боланинг жисмоний ва руҳий фаровонлигига узоқ давр мобайнида ҳалокатли таъсир кўрсатади», — деди Мунир Мамедзаде.

«Қизлар ва ўғил болаларни ҳар қандай зўравонликдан яхшироқ ҳимоя қилиш, жиноят содир этганлар жазосиз қолишига йўл қўймаслик учун қонунчилик ва сиёсатни кучайтиришимиз керак», — дея таъкидлади у.

«ЮНИСЕФ фаол аъзоси бўлган Сенат ҳузуридаги идоралараро ишчи гуруҳи томонидан болаларни жинсий зўравонлик ва эксплуатациядан ҳимоя қилишни кучайтириш бўйича ишлаб чиқилган ҳамда Жиноят кодексига киритилиши таклиф этилган тавсияларни тегишли тузилмалар кўриб чиқишларига чақирамиз», — дея қайд этди Мунир Мамедзаде.

«Болаларга нисбатан жинсий зўравонлик ва эксплуатацияга қарши кураш устувор бўлиши, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар малакали ижтимоий ходимлар томонидан мунтазам равишда назорат қилинадиган сифатли оилавий муҳит негизида муқобил парвариш билан таъминланиши ҳамда буни малакали ижтимоий хизмат ходимлари мониторинг қилиши зарур», — деди ЮНИСEФ ваколатхонаси раҳбари.

«Шу боис ушбу соҳа бўйича масъулиятни ижтимоий хизмат кўрсатиш учун жавобгар бўлган тузилмаларга топширишни, бу соҳада фақат малакали мутахассислар ишлашини таклиф қиламиз», — деди у.

ЮНИCЕФ зўравонликка дучор бўлган болалар ва ўсмирларнинг ёши ва гендер жиҳатлари ҳисобга олинган ҳолда адолатли судлов, соғлиқни сақлаш, таълим ва ижтимоий ҳимоя хизматларидан фойдаланиш имкониятларини яхшилашда, профилактика дастурларини ишлаб чиқишда ва зўравонликни қораламасликдек ижтимоий нормаларни ўзгартиришда Ўзбекистон ҳукуматига кўмак беришга тайёрлигини билдирди.

«Биз тегишли ташкилотларга болаларни ўз оилаларидан заруратсиз ажратишнинг олдини олиш ва муқобил парвариш, хусусан профессионал фостер ҳомийлик хизмати сифатини яхшилаш учун оилани қўллаб-қувватлаш хизматларини кучайтиришда ёрдам беришга содиқмиз», — дея қўшимча қилди Мунир Мамедзаде.