Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятининг Ангор туманидаги бюджет ташкилотлари ходимлари «Ташаббусли бюджет» дастурида мактабгача ва мактаб таълими соҳасидаги лойиҳаларга овоз беришга мажбурланаётгани айтилган хабарлар юзасидан муносабат билдирди.

Ҳозирда лойиҳа доирасида жами 33 минг 600 лойиҳа учун 10 миллиондан ортиқ овоз берилган. Ўрганишларига кўра, йирик маҳаллалар аҳоли сони юқори бўлгани сабабли овоз беришда устунликка эга бўлиш ҳолатлари мавжуд.

Вазирлик овоз беришда тенгсизликка йўл қўймаслик, барча маҳаллалар аҳолиси учун лойиҳаларни амалга оширишда тенг имкониятлар яратиш мақсадида бир қанча техник ва услубий ечимлар ишлаб чиқмоқда.

Хусусан, Face ID ёрдамида идентификация қилиш механизми жорий этилиши, бунда тасдиқланган фойдаланувчилар томонидан берилган овозлар SMS орқали берилган 5 ёки 10 овозга тенглаштирилиши айтилганди.

Кам сонли аҳоли яшайдиган маҳаллалар аҳолиси томонидан илгари сурилган лойиҳалар учун кўпайтириш коэффициенти жорий этиш амалиёти кўриб чиқилиши, бунда кичик маҳаллалар лойиҳаларига катта маҳаллалар аҳолиси ташаббуси билан тенг шароитларда рақобатлашиш имконияти яратилиши кўзда тутилгани ҳам билдириб ўтилган.

Вазирлик ташаббуслар учун овоз беришнинг шаффофлиги ва адолатлилигини таъминлашга қаратилган бошқа таклифлар ишлаб чиқилаётганини таъкидлаган.

Вазирдан тушунтириш

Иқтисодиёт ва молия вазири Шерзод Кудбиев Face ID тизими овоз бериш жараёнини қийинлаштириши, бу фуқаролар фаоллигига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақидаги танқидларга жавобан ўз ходимлари ва матбуот хизматини «салгина нопрофессионал шарҳ берганликда» айблади.

«Ҳеч қандай Face ID ёки коэффициентни камайтирувчи ёки кўпайтирувчи имтиёзлар киритилиши кўзда тутилмаяпти. Булар фақатгина овоз бериш жараёнини сохталаштириш ёки кўпайтириб кўрсатишга қарши курашишга қаратилган вазирлик даражасидаги таклифлар эди. Бунда ҳали вазирликнинг ўзида ҳам ҳамма билан келишиб бўлинмаган. Ҳали ҳамма ўз қараши ва позициясини билдирмаган. Ҳали хом таклифни эртароқ эълон қилиб юборишибди», — деди у.

Унга кўра, ишлаб турган тизимга ўзгартиришлар киритилаётганда аҳоли ўртасида сўров ўтказиб, кейин қарор қабул қилиш зарур.

Ўзбекистонда «Ташаббусли бюджет» бўйича овоз бериш 7 апрелга қадар давом этади. Фуқаролар инфратузилмани яхшилаш, йўллар қуриш, мактабларни таъмирлаш ва бошқа лойиҳаларга овоз бериш орқали маҳаллий бюджетнинг жами 1,7 трлн сўмлик қисмини тақсимлашда иштирок этиши мумкин.

2023 йилдан бошлаб фуқаролар вилоят бюджети қўшимча даромадларининг 30 фоизини (бундан олдин фақат туман ва шаҳар), маҳалла инфратузилмаси учун маблағлар эса фақат «Ташаббусли бюджет» орқали тақсимланиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил сентябрь ойида мактаблар, йўллар ва бошқа объектларни таъмирлаш бўйича фуқароларнинг ташаббуслари учун 7,8 миллион овоз тўпланган «Ташаббусли бюджет»нинг иккинчи мавсуми якунланган. Фуқаролар таклифларини амалга ошириш учун жами 1 триллион 700 миллиард сўм маблағ сарфланиши режалаштирилган.

БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовсканинг таъкидлаганидек, ташаббусли бюджет фуқароларнинг дахлдорлик ҳиссини сезиларли даражада ошириши ва ҳаёт сифатини яхшилаши мумкин. Қолаверса, у барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда самарали воситага айланиши мумкин, деб ҳисоблайди доимий вакил.