Ўзбекистон президенти Администрациясининг коммуникациялар ва ахборот сиёсати шўъбаси мудири Саида Мирзиёева АҚШга ташрифи доирасида Вашингтонда Тинчлик корпуси бош директори ўринбосари Томас Пан билан учрашди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида хабар қолдирди.

Учрашувда таълим ва тил ўрганиш бўйича ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

«Ўзбекистон мамлакатимизда инглиз тилини ўқитадиган америкалик кўнгилли ўқитувчиларнинг фаолиятини янгилаш, жумладан, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, АКТ ва илғор технологиялар каби соҳаларда инглиз тилидаги мутахассисларни тайёрлашга қаратилган масалаларни ҳал этишда „Тинчлик корпуси“ билан яқин ҳамкорлик қилиши жуда муҳим, деб ҳисоблайман», — деди Саида Мирзиёева.

«Ишончим комилки, бугунги учршувимиз икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади», — дея қўшимча қилган у.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил ноябрида АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Жонатан Хеник 2005 йилда Ўзбекистондаги фаолиятини қисқартирган «Тинчлик корпуси» мамлакатга қайтишни режалаштираётганини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, бу борада Ўзбекистон ҳукумати билан принципиал келишув мавжуд.

Саида Мирзиёева 24 март куни Оқ уйда ҳам бўлиб, у ерда АҚШ президенти Жо Байден ёрдамчиси ва АҚШ президенти маъмуриятининг гендер сиёсати бўйича кенгаши директори Женнифер Клайн билан учрашди.

«Суҳбатнинг асосий мавзуларидан бири — хотин-қизларни гендер зўравонликдан ҳимоя қилиш ва Ўзбекистонда унга йўл қўймаслик учун амалга оширилаётган ишлар бўлди. Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига аёллар ва вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик жиноятини назарда тутувчи ўзгартиришлар фақат қоғозда қолмаслиги учун зарур чора-тадбирларни атрофлича муҳокама қилдик», — дея маълум қилди у.

Мирзиёеванинг сўзларига кўра, Женнифер Клайн бу борада амалий ёрдам беришни таклиф қилган.

ақш, саида мирзиёева, ўзбекистон

Ушбу учрашув ҳақидаги эълон Оқ уй томонидан ҳам эълон қилинди. Унда айтилишича, учрашувда гендер тенглигини таъминлаш, жумладан, оиладаги зўравонлик қурбонларини ҳуқуқий ҳимоя қилишни кучайтириш, одам савдосига қарши курашиш ва аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган.

«Қўшма Штатлар ушбу масалалар бўйича биргаликда ҳаракат қилиш ҳамда Ўзбекистон мустақиллиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлаш орқали стратегик шерикликни чуқурлаштириш тарафдори», — дейилади баёнотда.

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси оиладаги зўравонлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни, шунингдек, иқтисодий ва психологик зўравонлик, жинсий зўравонлик ва бошқа жиноятлар учун жавобгарликни назарда тутувчи қонун лойиҳасини қабул қилди.