Ўзбекистонда оилавий (маиший) зўравонлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик жорий этилиши режалаштирилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 23 март куни бўлиб ўтган мажлисда тегишли қонунни иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилиб, ҳужжатни тасдиқлаш учун Сенатга юборди (видео).

Депутат Гулруҳ Аъзамова бугунги кунда хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқни қўллаш амалиётида кўплаб муаммолар юзага келаётганини таъкидлади. Жумладан, хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқларига дахл қилувчи жиноий қилмишлар учун мутаносиб санкциялар белгиланмаган, шахс ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи, шаъни ва қадр-қимматини камситувчи маълумотларни ошкор қилганлик учун жавобгарлик назарда тутилмаган.

Шу билан бирга, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи ордер муддати (30 кун) хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини етарли даражада ҳимоя қилиш имконини бермайди. Алимент тўлолмаган шахсларга жазо сифатида жарима тайинланиши янада моддий қийинчиликларга олиб келмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, қонун лойиҳаси билан номусга тегиш ёхуд жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш, шахсни жинсий алоқа қилишга мажбурлаш, ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш, уларга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатларни содир этиш, вояга етмаган шахс иштирокидаги порнографик маҳсулотни тайёрлаш ва тарқатиш билан боғлиқ жиноий хатти-ҳаракатлар учун жазо чоралари оғирлаштирилмоқда.

Мазкур жиноятларни содир этган шахслар учун жазо тайинлашни енгиллаштирувчи ҳолатлар, шу жумладан, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилишни қўллаш тақиқланмоқда.

Ногиронлиги бўлган шахсларга, вояга етмаганларга нисбатан жинсий дахлсизликка ва эркинликка қарши жиноятларни содир этганлик, шунингдек, ушбу жиноятларни жабрланувчини тарбиялаш, ўқитиш ёки унга ғамхўрлик қилиш мажбуриятларини бажараётган шахс томонидан содир этиш учун жавобгарлик кучайтирилмоқда.

Яна бир муҳим янгилик — оилавий (маиший) зўравонлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик киритилмоқда. Хусусан, хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича энг замонавий халқаро нормалар ва хорижий тажрибадан келиб чиқиб, жисмоний зўравонлик билан бир қаторда иқтисодий ва руҳий зўравонлик учун ҳам маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.

Шахс ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи, шаъни, номусини камситувчи маълумотларни ошкор қилганлик, шаҳвоний шилқимлик қилиш, вояга етмаган болаларига васий ёки ҳомий тайинлаш борасидаги мажбуриятларини бажармаслик каби ҳаракатлар учун жавобгарлик киритилмоқда.

Алимент мажбуриятлари бажарилишини таъминловчи чора сифатида ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий равишда жалб қилиш каби янги маъмурий жазо чораси киритилмоқда.

Шу билан бирга илгари вояга етмаганларга нисбатан жинсий жиноятларни содир этган шахсларнинг болаларга таълим, тарбия бериш, уларни соғломлаштириш, болалар спорт, ижодий ташкилотларда ишлашини тақиқловчи норма киритилмоқда.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

маиший зўравонлик, оиладаги зўравонлик, қонунчилик палатаси

Қонунни қабул қилишдаги қийинчиликлар

Аввал ёзганимиздек (рус тилида), қонун лойиҳаси Адлия вазирлиги ҳамда Сенат ҳузуридаги фуқаролик жамияти, ОАВ вакиллари ва блогерлардан иборат ишчи гуруҳ томонидан ишлаб чиқилган.

Бироқ Nemolchi.uz аксил-зўравонлик лойиҳаси асосчиси Ирини Матвиенко ишчи гуруҳ томонидан тайёрланган «илғор» ҳужжат Қонунчилик палатасига тақдим этилганидан фарқ қилишини маълум қилди.

Биринчи ўқишда депутатлар ҳужжатнинг «муқобил» вариантини маъқулладилар, бироқ жамоатчилик танқидидан сўнг, ишчи гуруҳ билан бир неча бор ўзгартириш ва қўшимчаларни муҳокама қилиш бўйича йиғилишлар ўтказилди.

Ўзбекистон гендер тенглиги бўйича комиссия аъзоси, президентнинг қизи Саида Мирзиёева пайшанба куни қонуннинг қабул қилинишини олқишлаб, унинг асоси Сенат ҳузурида ташкил этилган фаоллар ва экспертлардан иборат ишчи гуруҳи томонидан ишлаб чиқилгани, улар «лойиҳанинг энг сўнги нуқтасига қадар Қонунга киритилаётган бугунги кун учун долзарб аҳамиятга эга бўлган ўзгартиришларни ёқлаб ҳимоя қилиш»ганини таъкидлади.

«Оиладаги зўравонлик жиноий ҳуқуқбузарликлар туркумига ўтказилди, иқтисодий ва психологик зўравонлик, шунингдек, вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик учун жазо кучайтирилди. Буни фуқаролик жамияти ва фаолларнинг ғалабаси деб биламан. Соғлом фикр ва адолатнинг ғалабаси», — деб ёзди у.

«Биз ушбу муваффақиятлар учун узоқ ва машаққатли ҳаракатларни амалга оширдик, лекин қонунчилигимизда бу каби ўзгартиришлар замон талабларига хос ва инсонпарварлик учун ўта аҳамиятли эканлигини биргаликда исботлай олдик», — деди президентнинг қизи.

У олдинда бажариш лозим бўлган ишлар жуда кўплиги, бироқ муваффақият доимо илҳомлантиришини қайд этди.