Ўзбекистонда сўнгги 10 йилда олти маротаба 6−8 балли зилзила содир бўлган. Бу ҳақда 25 март куни АОКАда ФВВ, Қурилиш вазирлиги, Фанлар академияси Сейсмология институти ва бошқа ташкилотлар вакиллари иштирокидаги матбуот анжуманида маълум қилинди.

Қайд этилишича, ушбу 6 та зилзилада жами 16 киши қурбон бўлган, 54 киши жабрланган. Иқтисодий зарар миқдори 84 млрд сўмни ташкил этган.

6−8 балли зилзилалар:

  • Кон зилзиласи — 2011 йил (8 балл);
  • Туябўғиз зилзиласи — 2013 йил (7 балл);
  • Маржонбулоқ зилзиласи — 2013 йил (8 балл);
  • Китоб ва Бахмал зилзилалари — 2016−2017 йиллар (7 балл);
  • Бойсун зилзиласи — 2022 йил (6 балл).

Матбуот анжуманида, шунингдек, Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази томонидан Ўзбекистон ва унга чегарадош ҳудудларда 2023 йил 1 январдан бугунги кунгача магнитудаси М= 2.8−6.8 бўлган 250 дан ортиқ зилзила қайд этилгани маълум қилинди.

Маълумот учун, Ўзбекистон геологик жойлашувига кўра, Ўрта денгиз — Осиё сейсмик камарида жойлашган. 1900 йилдан шу кунга қадар 60 дан ортиқ кучли ва ҳалокатли (магнитудаси 5 дан юқори бўлган) зилзилалар содир бўлган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 21 март куни 5−6 балли ва 23 мартга ўтар кечаси 4−5 балли ер силкиниш ҳолатлари сезилган. Кўплаб ҳудудларда зизлилалар бир неча сония давом этган. Бу ҳолат аҳоли орасида ваҳималарга сабаб бўлиб, яқин орада бундан ҳам кучлироқ ер силкинишлари кутилаётгани ҳақида хабарлар ҳам тарқалган.

Сейсмология институти ходими Қаҳарбай Абдуллабеков эса Ўзбекистонда яқин кунларда яна зилзила кузатилиши ҳақида тарқалган хабарлар асоссизлигини маълум қилган. Бир ҳудудда бўлган зилзила иккинчисини келтириб чиқармаслиги, фақат унинг ортидан айрим афтершоклар кузатилиши мумкинлиги айтилган.

Аввалроқ «Газета.uz» Ўзбекистон олимлари ўтмишда бир қанча зилзилаларни аниқ башорат қилгани, аммо нега ҳаммасини ҳам башорат қилиб бўлмаслиги ҳақида олимлар билан суҳбатлашганди.