Ўзбекистонда 21 март (5−6 балл) ҳамда 23 март кунлари (4−5 балл) сезилган зилзилалардан сўнг ижтимоий тармоқларда яна шундай табиий офат кузатилиши ҳақидаги хабарлар тарқалди. Фанлар академияси академиги Қаҳарбай Абдуллабеков брифинг давомида икки ҳудудда кузатилган зилзила бир-бирига боғлиқ эмаслиги, яқин кунларда бундай ҳолат такрорланиши кутилмаётганини маълум қилди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

Унинг сўзларига кўра, яқин кунларда яна зилзила кузатилиши ҳақидаги хабарлар асоссиз. Бир ҳудудда бўлган зилзила иккинчисини келтириб чиқармайди. 2 кун ичида Афғонистон ва Тожикистонда содир бўлган 2 та зилзила бир-бирига боғлиқ эмас.

«Зилзилалар жуда узоқ вақт ичида сейсмик камарларда тайёрланади. Кўплаб ҳудудларда бу тайёр ҳолатга келган ва ушбу ҳодиса ҳозир содир бўляпти. Табиий офатдан сўнг ер бироз силкиниши, магнит бўрони кузатилиши мумкин. Зилзила яна қайта бўлиши учун эса алоҳида тайёргарлик жараёни керак бўлади», — деди у.

Келтиришича, ер юзида бўладиган деярли 80% зилзила Тинч океани ва унинг атрофидаги ҳудудларда юз беради. Ўрта денгиз ва Осиё минтақасида тахминан 15% зилзила кузатилади.

Шунингдек, ФВВ ҳам бугунги кунда дунёнинг ҳеч бир давлатида зилзила содир бўладиган сана ва ҳатто тахминий вақтни башорат қила оладиган технологиялар мавжуд эмаслигини, Ўзбекистон сейсмик фаол зонада жойлашгани сабабли баъзида ер силкинишлари содир бўлишини маълум қилди.

Бундан ташқари, у агарда ҳудудлардаги қурилиш объектлари аниқ стандартлар асосида, қоидага кўра қурилса, мазкур табиий офат уларга жиддий таъсир етказолмаслиги ҳақида гапирди. «Ўзбекистонда агар қурилиш нормаларига риоя қилинса, исталганча баландликдаги бинони қурса бўлади», деди академик.

Аввалроқ Қурилиш вазирлиги ҳам кўп қаватли уйнинг ёриқлари зилзила билан боғлиқлигини рад этганди.