Ўзбекистонда 21 март куни 5−6 балли ва 23 мартга ўтар кечаси 4−5 балли ер силкиниш ҳолатлари сезилди. Кўплаб ҳудудларда зизлилалар бир неча сония давом этди.

Хусусан, сешанба куни соат 21:48 да Афғонистонда қайд этилган ер силкиниши кучи сабаб Тошкент шаҳридаги айрим аҳоли ва савдо марказларига ташриф буюрганлар кўчага югуриб чиқди. Пайшанба куни эса Тожикистонда соат 01:07 да содир бўлган ер силкиниши кучи Ўзбекистоннинг 11 та ҳудудида сезилиб, 4−5 баллни ташкил этди. Орадан ярим соат ўтиб, афтершок қайд этилди, аммо иккинчи тўлқин республика бўйлаб сезилмади.

«Газета.uz» зилзила вақтида пойтахт аҳолиси қай ҳолатга тушгани, нималарни ҳис қилгани ва қандай йўл тутгани билан қизиқди.

Аҳолининг аксарияти ер силкинишлари пайтида қўрққани ва ваҳимага тушганини таъкидлади. Айримлар кўчага чиқиб турганини, баъзилар эса уйда қолгани ва ҳеч қандай хавфсизлик чоралари кўрмаганини қайд этди.

«Зилзила бўлаётган пайтда столда ўтиргандим. Ўрнимдан туриб, болаларимиз билан эшикнинг ўртасига туриб олдик. Яхшигина сезилди, чунки еттинчи қаватда яшаймиз, пастга тушишга улгуролмасдик. Уйимни ҳам хавфсиз деб ҳисоблайман», — деди фуқаролардан бири.

Яна бир аёлнинг сўзларига кўра, у фарзандларини олиб, дарров кўчага шошган ва қўшнилари билан бир соатча ташқарида қолган. Бошқа бир фуқаронинг айтишича, унинг телефонига огоҳлантириш хабари келган ва ўзининг саломатлиги оғирлашаётгани — қон босими ортаётгани сезган.

«Биринчи зилзила бўлганда эшикни олдида туриб қолдим. Иккинчисида паспорт ва пулимни олиб, ташқарига чиқиб кетдим ва очиқ майдонда юрдим. Ҳаммаси ўтиб кетгач, уйга қайтдим. Кўз олдимга оилам узоқдалиги учун фақат улар келди», — деди яна бир эркак.

Суҳбатдошларнинг барчаси 30−50 йиллар аввал қурилган уйлар анча ишончли ва мустаҳкам экани, сўнгги йилларда қурилганларига эса ишонч йўқлиги, кучлироқ зилзила вақтида улар қулаб тушиши мумкинлигини таъкидлашди.

Эслатиб ўтамиз, Сейсмология институти ходими Қаҳарбай Абдуллабеков Ўзбекистонда яқин кунларда яна зилзила кузатилиши ҳақида тарқалган хабарлар асоссизлигини маълум қилганди. Бир ҳудудда бўлган зилзила иккинчисини келтириб чиқармаслиги, фақат унинг ортидан айрим афтершоклар кузатилиши мумкинлигини айтганди.

Аввалроқ «Газета.uz» Ўзбекистон олимлари ўтмишда бир қанча зилзилаларни аниқ башорат қилгани, аммо нега ҳаммасини ҳам башорат қилиб бўлмаслиги ҳақида олимлар билан суҳбатлашганди.