Ҳиндистонда «Док-1 Макс» йўтал сиропини ишлаб чиқарувчи Marion Biotech фармацевтика компаниясининг уч нафар ходими қалбаки дори воситалари ишлаб чиқариш ва сотишда айбланиб ҳибсга олинди, дея хабар берди Press Trust of India.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 20 нафар бола тўсатдан буйрак етишмовчилигидан вафот этган, уларнинг барчаси «Док-1 Макс» сиропини қабул қилган. Ушбу препарат партиясида меъёрдан 300 баробар кўп миқдорда заҳарли модда бўлган этиленгликоль аниқланган.

«Ҳибслар 2 март, пайшанба куни Marion Biotech компаниясининг беш нафар мансабдор шахсига, шу жумладан унинг икки директорига нисбатан Дори воситалари стандартларини назорат қилиш бўйича марказий ташкилот инспектори шикояти бўйича даъво қўзғатилганидан сўнг амалга оширилди», — дейилади агентлик хабарида.

Полиция, шунингдек, компаниянинг яна икки менежери ҳамон озодликда экани, уларни ҳибсга олиш учун қидирилаётганини билдирди.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

Эслатиб ўтамиз, Ҳиндистон ҳукумати ўтган йилнинг декабрь ойи охирида Marion Biotech қарши иш очган эди.