Ўзбекистон президенти Администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўъба мудири Саида Мирзиёева 22−24 март кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида бўлиб ўтган БМТнинг сув ресурслари бўйича конференциясида иштирок этди.

У Ўзбекистон номидан сўзга чиқиб, сув хўжалиги соҳасидаги муаммолар ва ютуқлар билан ўртоқлашди.

«Орол денгизининг инқирози инсониятнинг атроф-муҳитга эътиборсизлиги оқибатлари ҳақида даҳшатли эслатмадир. Бироқ ғамхўр одамларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли у яна умид ва янгиланиш рамзига айланмоқда», — деди президентнинг қизи.

Унинг аниқлик киритишича, 2018 йилда БМТ шафелигида ташкил этилган Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосидаги траст фонди маблағлари ҳисобидан қиймати 14 млн АҚШ долларидан ортиқ лойиҳалар амалга оширилмоқда.

«Мамлакатимиз Орол денгизининг қуриган тубини боғга айлантиришни ўз олдига улкан мақсад қилиб қўйган ва ҳозирда қарийб 1,5 миллион гектар майдон кўкаламзорлаштирилган. Давлатимиз экологик ҳалокатга қарши курашишда вақт қадрини чуқур англагани боис, бу вазифани тезкор равишда амалга оширмоқдамиз», — деди у.

бмт, орол маданияти саммити, саида мирзиёева

Саида Мирзиёева Орол денгизи экологик ҳалокатига қарши курашда маданият ва бунёдкорликнинг муҳимлигини таъкидлади. У Ўзбекистон маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг йирик таълим ва маданий дастурларни ўз ичига олган «Орол маданияти саммити» лойиҳасини тақдим этди.

«Бу ҳудуд аҳолисини қўллаб-қувватлаш мақсадида нафақат турли соҳалардаги мутахассисларга, балки рассомлар ва дизайнерларнинг ижодий кучларига ҳам сармоя киритдик. Уларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан биз аллақачон эътиборни жалб қилишни, янги ҳикояларни яратишни ва кўз илғамас муаммоларни кўрсатишни бошладик. Биз янги келажакни қуриш учун янги ривоятни — Орол маданияти саммитини яратмоқдамиз», — деди у.

Саммит фаолияти Оролбўйида биомаданий, маданий ва тиллар хилма-хиллигини асраб-авайлашга қаратилган.

«Санъат, дизайн ва маданият огоҳликни ошириш, алоқаларни рағбатлантириш, келажакни қуриш ва пировардида ижобий ўзгаришлар яратишда ҳал қилувчи роль ўйнашига ишончим комил. Шу боис стипендия дастурлари ва грантларини, фанлараро таълим дастурларини йўлга қўйиш, Оролга бағишланган санъат асарларини қўллаб-қувватлаш кабиларни ўз олдимизга қатъий мақсад қилиб қўйганмиз», — деди Саида Мирзиёева.

«Уфқда ўзгаришлар денгизи бор. Уни биз билан қабул қиласиз, деган умиддамиз. Биз сизга муаммоларимиз ҳақида сўзладик. Бизни қўллаб-қувватлашингизга ишонамиз ва умид қиламиз», — деди у.

Аввалроқ «Газета.uz» «Орол орзуси» дастури, унинг доирасида «Орол орзуси» нодавлат ташкилотини ташкил этиш, хайрия ва донорлар маблағларини жалб қилиш, «Орол элчилари» тармоғини яратиш ва бошқа ташаббусларни амалга ошириш режалаштирилгани ҳақида хабар берган эди.