Сенатда 24 январь куни хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси юзасидан давлат органлари вакиллари ва жамоатчилик фаоллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Ушбу қонун лойиҳаси парламент юқори палатаси ҳузурида Бош прокуратура, Олий суд, Болалар омбудсмани, ИИВ ва Адлия вазирлиги, ЮНИСЭФ, нодавлат-нотижорат ташкилотлари, «Nemolchi.uz» лойиҳаси вакиллари ва жамоатчилик фаолларидан тузилган ишчи гуруҳ томонидан 2022 йилнинг май-декабрь ойларида ишлаб чиқилган эди. Ҳужжат 11 январь куни Адлия вазирлиги томонидан жамоатчилик муҳокамаси учун Regulation.gov.uz порталига жойлаштирилган.

Сенатда сешанба куни бўлиб ўтган тадбир давомида ишчи гуруҳ аъзолари қонун лойиҳаси унга киритилган таклифларнинг 40 фоизи олиб ташланган ёки таҳрирланган ҳолда Regulation.gov.uz'га жойлаштирилганига алоҳида урғу берди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Биз берган таклифларнинг айримлари қолган, кўпи таҳрирланган, баъзилари эса йўқ, яъни қонун лойиҳасидан чиқариб ташланган. Энг қизиғи, бу ҳолатлар асослантирилмаган», — деди Бош прокуратура бошқарма катта прокурори Лайло Файзимуродова. Масъуллар йиғилиш давомида ҳам бу эътирозларга асосли жавоб бера олмади.

Салкам икки ярим соат давом этган йиғилишда асосан қонун лойиҳасидаги битта — оиладаги зўравонлик ҳолатлари учун жиноий жавобгарлик белгиланишини (Жиноят кодексига янги — 126−1-моддасини қўшишни) назарда тутувчи 45-модда тақдири муҳокама қилинган: Сенат ишчи гуруҳи томонидан тайёрланган қонун лойиҳасида бўлган ушбу модда Адлия вазирлиги томонидан жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган талқинда олиб ташланган.

Маълумот ўрнида: Тадбирда фақат уч ОАВдан вакил — «Газета.uz», «Kun.uz» интернет­-нашрлари ҳамда «Ўзбекистон 24» телеканали мухбирлари қатнашди. Айни вақтда интернет-нашрларнинг журналистларига на камера, на телефон, на диктофондан фойдаланишга рухсат берилди.

«Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамалари 26 январь, пайшанба куни якунланади. 27 январь, жума куни эса Сенатда ушбу ҳужжат бўйича навбатдаги йиғилиш (аниқроғи, сешанба кунги тадбирнинг давоми) бўлиб ўтади.

Қонун лойиҳасидан чиқариб ташланган асосий модда

Ишчи гуруҳ «оилада зўравонлик» масаласини Жиноят кодексига алоҳида модда сифатида киритиб, оиладаги зўравонлик ҳолатлари учун жиноий жавобгарлик ўрнатишни таклиф қилган эди:

126−1-модда. Оилада зўравонлик

Бир оила аъзоси томонидан бошқа оила аъзосига нисбатан қасддан содир этилган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик, қуйидагиларда намоён бўлганда:

а) калтаклаш ёки баданга енгил шикаст етказишга сабаб бўлган бошқа зўравонлик ҳаракатларини содир этиш;

б) тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига ўз хоҳиш-иродасини сингдириш ёки унинг устидан назоратни олиш мақсадида уни изоляция қилиш, қўрқитиш;

в) иқтисодий воситалардан маҳрум қилиш натижасида иқтисодий воситалардан, шу жумладан яшаш учун маблағдан маҳрум қилиш, камситиш, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг соғлиғига унча оғир бўлмаган зарар етказиш — 150 соатдан 180 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 3 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар:

а) икки ёки ундан ортиқ оила аъзоларига нисбатан;

б) ўз оила аъзосига нисбатан вояга етмаган шахс ҳозирлигида содир этилган бўлса;

в) айбдор шахсга нисбатан ҳимоя ордери талабларини бажармаганлиги учун маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса;

г) баданга ўртача оғирликдаги шикаст етказишга сабаб бўлганда, — 1 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар:

а) такроран содир этилган;

б) оғир тан жароҳати етказишга сабаб бўлган;

в) ўз жонига қасд қилишга уринишга сабаб бўлган бўлса, — 8 йилдан 11 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган бўлса, — 11 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Адлия вазирлиги томонидан жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қонун лойиҳасида фақат оилавий зўравонлик тушунчасига таъриф берилган, холос оилавий зўравонлик — оиланинг бир аъзосига нисбатан бошқа бир аъзоси ёки аъзоларининг мунтазам давом этиб келувчи, такрорланиб турувчи жисмоний, руҳий, жинсий ва иқтисодий зўравонлиги. Бунда уни содир этган шахс жабрланувчи билан бир жойда яшаши ёки яшамаслигидан қатъи назар, оила ёки оила доирасида ёки собиқ ёки ҳозирги турмуш ўртоқлари ёки шериклар ўртасида юз бераётган барча жисмоний, жинсий, психологик ёки иқтисодий зўравонлик ҳаракатларини англатади»), аммо бу хатти-ҳаракатларни содир этганлик учун жавобгарлик белгилашга оид таклифлар олиб ташланган.

«Таг-туги билан йўқ қилинган, жамоатчилик муҳокамасига қўйилмаган»

Ишчи гуруҳи аъзоси, Бош прокуратура вакили Лайло Файзимуродованинг таъкидлашича, оиладаги зўравонлик ҳолатлари сони камаймаётгани, хотин-қизларнинг вақтинчалик яшаш учун шелтерларга жойлашиш ҳолатлари, ҳимоя ордери олиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаатлари сони ошиб бораётгани учун зўравонларга нисбатан жиноий жавобгарликни назарда тутувчи нормани киритиш таклиф қилинган эди.

«Лекин бу таклиф лойиҳадан таг-туги билан чиқариб ташланган, жамоатчилик муҳокамасига ҳам қўйилмаган», — деди прокуратура вакили. Унинг қўшимча қилишича, Грузия, Молдова, Украина каби давлатларда оиладаги зўравонлик жиноятдир — уларда бу норма, Сенат ишчи гуруҳи таклиф қилганидек алоҳида модда қўшиш тархида эмас, балки мавжуд моддаларни такомиллаштириш ҳисобига амалга оширилган. «Аммо бизда алоҳида модда ҳам йўқ, Жиноят кодексидаги 110-модда ҳам такомиллаштирилмаган», — деди Файзимуродова.

Ишчи гуруҳи аъзоси, жамоатчилик фаоли Барногул Санақулованинг таъкидлашича, президентнинг 2022 йил 7 мартдаги фармони 22-банди билан берилган яқин қариндоши бўлган хотин-қизга қасддан тан жароҳати етказганлик учун жавобгарликни кучайтириш тўғрисидаги топшириқ ижроси доирасида Сенат ишчи гуруҳи Жиноят кодексига 126−1-моддани киритишни таклиф қилган эди.

«Агар Ўзбекистон 1995 йилда хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларини бартараф этиш тўғрисидаги Конвенцияни ратификация қилганини ҳам инобатга оладиган бўлсак, Жиноят кодексига „оиладаги зўравонлик“ моддасининг алоҳида киритилиши лозим, деб ҳисоблаймиз», — дея қўшимча қилди Санақулова.

«Nemolchi.uz» лойиҳаси ҳам Адлия вазирилги томонидан жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган қонун лойиҳасида оиладаги зўравонлик учун жиноий жавобгарликни белгилашни назарда тутувчи модда тушиб қолганига муносабат билдираркан, Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция талабларини бажаришга, БМТнинг Хотин-қизларга нисбатан зўравонликни бартараф этиш қўмитаси тавсияларини бажаришга чақирган.

«БМТнинг хотин-қизларга нисбатан зўравонлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича тавсияларида ҳам ҳимоя ордерларининг бузилиши жиноий жавобгарликка тортилиши кераклиги кўрсатилган. Бироқ, Ўзбекистонда оиладаги калтаклаш, иқтисодий ва психологик зўравонлик ҳолатларида жабрланувчини фақат расмий ҳимоя қиладиган ҳимоя ордерлари берилади. Уларнинг бузилиши ва тан жароҳати етказиш ҳолатида жиноий ва маъмурий ишлар деярли бошланмайди», — дейилади «Nemolchi.uz» муносабатида.

«Қонун лойиҳасининг янги таҳририда бу тавсия яна эътиборга олинмади. Бундай қонун лойиҳасини болалар ва аёлларни ҳимоя қилиш, деб ҳисоблаш мумкинми? Золимлар билан яшайдиган аёллар ва болалар мунтазам калтаклашдан, бутун оиланинг руҳиятини бузадиган зўравонликдан ҳимояга муҳтож. Фақат криминаллаштириш ва тажовузкорларга қарши курашнинг қаттиқ чораларигина натижа беради», — дея қўшимча қилинган лойиҳа баёнотида.

Қайд этиш жоиз, Сенатдаги тадбир арафасида Президент администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шуъба мудири Саида Мирзиёева оиладаги зўравонлик учун жиноий жавобгарлик тайинлаш кераклигини қайд этган эди (маълумот учун, у 2022 йил декабрида ҳам ушбу таклифни илгари сурган эди).

«Оиладаги зўравонлик учун жиноий жазо тайинламагунича, ушбу жиноятга давлатнинг муносабати Жиноят кодексида аниқ акс этмагунича, бир жойда қотиб тураверамиз. Бусиз бошқа ҳеч нима ёрдам беролмайди, юзаки чоралар ҳам, энг илғор гендер лойиҳалари ҳам, қуруқ гап билан тарбиялашга уринишлар ҳам. Олдин аёллар олдидаги масъулиятни белгилаган ҳолда, уларни ҳимояловчи Қонун жорий этилиши зарур. Қолгани кейин бўлади», — деди у.

Адлия вазирлиги муносабати

Адлия вазирлиги ахборот хизматидан «Газета.uz»га маълум қилишларича, «Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси такомиллаштирилади.

«Лойиҳа юзасидан таклифлар келиб тушиши давом этмокда. Тақдим этилган асослантирилган таклифлар лойиҳани такомиллаштириш жараёнида, албатта, инобатга олинади», — деди вазирлик вакиллари.