Ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги кўп қаватли уйнинг фасад қисми ёрилгани ва бу зилзила билан боғлиқлиги айтилган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати муносабат билдирди.

Ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида вазирлик томонидан қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясига тегишли сўров юборилган. Маълум бўлишича, Яшнобод туманидаги ушбу (собиқ ТАПОиЧ чорраҳасидаги уч қаватли кўприк ёнида жойлашган) объект First Developing Group МЧЖга тегишли.

Текширув натижаларига кўра, ғишт ишлаб чиқарувчи Stone Brick корхонаси сифатсиз ғишт маҳсулотлари етказиб бериши оқибатида мазкур ҳолат юзага келган. Айни кунда буюртмачи томонидан суд органларига етказилган зарарни қоплаш мақсадида даъво аризаси киритилган. Бинонинг фасад қисмини таъмирлаш ишлари апрель ойида тўлиқ якунланиши белгилаб олинган.

Вазирлик, шунингдек, 1298 ишонч рақамига айни кунларда зилзила оқибатида вайрон бўлган ёки зарар етказилган бинолар ҳақида мурожаат келиб тушмаганини қўшимча қилди.

FDG компанияси ҳолатга изоҳ берар экан, Parkent Plaza турар жой мажмуаси фасадидаги ёриқлар зилзиладан олдин — 2020 ва 2021 йилларда кучли ёмғирлар пайтида пайдо бўла бошлаганини ва улар «таъминотчи томонидан етказиб берилган қоплама материалларининг сифатсизлиги билан боғлиқлигини» билдирди.

«2021 йил охирида компаниямиз Тошкент туманлараро хўжалик судига сифатсиз материаллар етказиб бериш юзасидан таъминотчига даъво билан мурожаат қилган. 4−1001−2120/25706-сонли иш бўйича суд қарори билан етказиб берувчининг айби тан олинган ва 2023 йил апрель ойида таъмирлаш ишлари режалаштирилган», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, қопламадаги нуқсонлар декоратив хусусиятга эга бўлиб, асосий тузилмаларнинг ишончлилиги билан боғлиқ эмас.

«Бизнинг жамоамиз 2023 йил февраль ойида катта мақолада тузилмалар ишончлилиги ҳақида батафсил маълумот берди. Бизнинг турар жой мажмуалар қурилиш стандартларига, айниқса, сейсмик мустаҳкамлик талабларига жавоб беради. Бугун Kun.uz, Xabardor.uz, Sevimli TV, Zo‘r TV каби оммавий ахборот воситалари Parkent Plaza ТЖМга ташриф буюриб, бунга амин бўлишди. Бундан ташқари, Ўзбекистон фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Яшнобод тумани ҳокимлиги тезкор муносабат билдириб, объект текширувини ўтказишди», — дейилади компания хабарида.