15 мартдан Ўзбекистонда пиёз нархи барқарорлашгани сабабли унинг экспортига қўйилган вақтинчалик чеклов бекор қилинди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Кузатилган аномал совуқ кунларда очиқ расталарда сақланаётган пиёз музлаб қолгани, ёнилғи етишмаслиги сабабли етказиб беришдаги узилишлар ортидан нархлар ошганди. Шундан сўнг мамлакатда ушбу маҳсулотни четга сотиш 4 ойга тўхтатилган.

Ички истеъмол бозор нархини арзонлаштириш, аҳолининг истеъмол талабини қондириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистонда 2023 йилнинг 1 январидан 4 ойга пиёз экспортига вақтинча чеклов ўрнатилди, — деб хабар берганди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги.

Сурхондарё ва Қашқадарёда экилган эртапишар уруғ режадагидек униб, ҳосил берса, бу борадаги тақчиллик юзага келмаслиги ва аҳоли талаби тўлиқ қопланиши бўйича ҳисоб-китоблар мавжуд экани қайд этилган ўшанда.

Февраль ойида Ўзбекистонда инфляция даражаси 0,54 фоизни ташкил этган — бу сўнгги 5 йилдаги энг паст кўрсаткичлардан бири. Сабзавот ва мевалар орасида пиёз энг кўп февраль ойида — 9,8 фоизга қимматлашган (12 ой ичида 3 баробар). Бу аномал совуқ ва пиёз захираларининг бир қисми йўқотилиши (музлаб қолгани) билан боғлиқ.

Маълумот учун, Ўзбекистон сўнг Қозоғистон ва Қирғизистон ҳам пиёз экспортини чеклаб қўйган эди. Қирғизистон эса пиёз ва саримсоқ экспортига қўйилган тақиқни муддатидан олдин (3 мартда) бекор қилган.