2023 йил февраль ойида Ўзбекистон истеъмол бозорида товар ва хизматлар ўртача 0,54 фоизга қимматлашди. Бу ҳақда Президент ҳузуридаги Статистика агентлиги ҳисоботида кўрсатиб ўтилди.

Бу 2022 йилга нисбатан (0,51 фоиз) бироз кўп, лекин 2019−2021 йилларга қараганда паст кўрсаткичдир.

инфляция

Йиллик ҳисобда (ўтган йилнинг февраль ойига нисбатан) инфляция 12,23 фоизни ташкил этди, бу 2022 йил февраль ойига нисбатан сезиларли даражада юқори — 9,69 фоиз.

Ойлик нархлар ва тарифлар ўсиши бўйича етакчилар анъанавий тарзда озиқ-овқат маҳсулотлари бўлиб, ўртача 0,7 фоизга ошган. Ноозиқ-овқат маҳсулотлари 0,3 фоизга, аҳолига пулли хизматлар кўрсатиш 0,5 фоизга ошди. Йиллик ҳисобда озиқ-овқат маҳсулотлари 15,5 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 10,7 фоизга, хизматлар 8,5 фоизга қимматлашди.

Айрим маҳсулотлар қаторида сут нархининг ойлик ўсиши ўтган ойга нисбатан яна тезлашди. Февраль ойида у 1,7 фоизга, январда 0,1 фоизга, декабрда 2,4 фоизга қимматлашган.

Шу билан бирга, тухум нархининг ўсиши январь ойидаги 2 фоизга нисбатан 0,6 фоизгача секинлашди (декабрда — 5,2 фоиз).

Кунгабоқар ёғи ва шакар нархи кетма-кет бешинчи ой пасаймоқда. Февраль ойида шакар 0,2 фоизга, кунгабоқар ёғи 2 фоизга арзонлашди.

Ун 1,4 фоизга, мол гўшти 0,4 фоизга арзонлашди.

Шу билан бирга, ўтган 12 ойда тухум 32,9 фоизга, кунгабоқар ёғи 7 фоизга, шакар 41,2 фоизга, сут 17,6 фоизга, буғдой уни 39,4 фоизга, гуруч 30,4 фоизга, мол гўшти 10,2 фоизга қимматлашган.

инфляция

Сабзавот ва мевалар орасида пиёз энг кўп февраль ойида — 9,8 фоизга қимматлашган (12 ой ичида 3 баробар). Бу аномал совуқ ва пиёз захираларининг бир қисми йўқотилиши (музлаб қолгани) билан боғлиқ. Ой давомида помидор 9,3 фоизга, бодринг 9,2 фоизга, карам 8,1 фоизга, сабзи 3,7 фоизга қимматлашди.

Кийим ва пойабзал нархлари ой давомида 0,1 фоизга пасайган, бироқ йил давомида 8,5 фоизга ошган. Маиший техника 0,3% га (9,7%) ўсди.

Февраль ойида бензин 1,1 фоизга, бошқа ёнилғилар 5,3 фоизга қимматлашган. Авиачипталар нархи 3,1 фоизга, автомобиль транспорти хизматлари 1,7 фоизга, темирйўл хизмати 0,6 фоизга ошган. Охирги ойда янги енгил автомобиллар 1,3 фоизга қимматлашган.

Февраль ойи бошида президент инфляция даражасини пасайтириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказганди. 2023 йилда Ўзбекистон барча иқтисодий механизмларни қўллаган ҳолда инфляция даражасини 10 фоиздан пастга туширишни режалаштирмоқда. Президент озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, уларни «даладан дастурхонгача» етказиб беришдаги харажатларни қисқартириш бўйича топшириқлар берган.