Сурхондарё вилояти ҳокимига янги ўринбосарлар тайинланди, дея хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.

Қайд этилишича, Анвар Орипов вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари бўлди. Тайинловга қадар у 2018 йилдан буён Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари — вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритаётган эди. Маълумоти бўйича мутахассислиги — иқтисодчи.

Шунингдек, Фарҳоджон Исмоилов қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосар этиб тайинланди. Мазкур лавозимга тайинлангунга қадар 2023 йилдан буён Фарғона вилояти прокурорининг ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётган эди. Маълумоти бўйича мутахассислиги — муҳандис, ҳуқуқшунос.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг вилоятга ташрифи чоғида 2022 йил декабрдан бери Сурхондарё вилоятини вақтинча бошқариб келаётган Улуғбек Қосимов вилоят ҳокими лавозимига тасдиқланганди.

Президент, шунингдек, вилоятнинг 13 туманига бир кунда янги ҳокимлар тайинлангани бўйича фикр билдирган.

«Энг асосийси, одамларимиз ва тадбиркорларда келажакка ишонч пайдо бўлди. Энди кўнглимдаги битта гапни айтсам. Агар яна бир-икки йил биргаликда қаттиқ ишласак, Сурхондарёда жуда катта ривожланиш, ўсиш бўлади. Шу боис 13 та туман ҳокими лавозимига республика идораларида ишлаган, малакали кадрларни қўйдик», — деди давлат раҳбари.