30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдумда ўзбекистонликлардан қуйидагича саволга жавоб бериш сўралади: «Сиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунини қабул қиласизми?». Бу ҳақда 13 март куни Конституциявий суд томонидан қабул қилинган қарорда қайд этилган. Йиғилиш бундан бир неча кун олдин Қонунчилик палатасида депутатлар тасдиқлаб берган янги таҳрирдаги Конституция тўғрисидаги қонун асосида ташкиллаштирилди.

Конституциявий суднинг қарорида, шунингдек, янги таҳрирдаги Конституциявий қонун лойиҳасининг 2−7-моддаларида унинг кучга кириши, тўғридан-тўғри амал қилиши, давлат ҳокимияти органлари ва давлат ҳокимияти мансабдор шахсларига нисбатан қўлланилиши тартиби ва муддатлари баён этилган.

Хусусан, Конституциявий қонуннинг давлат ҳокимияти мансабдор шахсларининг ваколат муддатлари, сайланиш (тайинланиш) тартиби ва (ёки) шартларини ўзгартирувчи ва (ёки) бошқача тарзда таъсир қилувчи қоидалари ушбу Конституциявий қонун кучга кирган пайтда мазкур лавозимларни эгаллаб турган шахсларга нисбатан қўлланилиши ёзилган.

Бундан ташқари, ушбу шахслар мазкур Конституциявий қонун кучга кирган пайтда кўрсатилган лавозимларни эгаллаганлиги ва (ёки) эгаллаб келаётганлигининг сурункали муддатлари сонидан қатъи назар бошқа фуқаролар билан тенг равишда Конституция, шу жумладан ушбу Конституциявий қонун таҳриридаги Конституция, талабларига мувофиқ ушбу лавозимларга сайланиш (тайинланиш) ҳуқуқига эга бўлиши белгиланмоқда.

«Яъни, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида сайлаш (тайинлаш) тартиби ва (ёки) муддати ўзгараётган барча давлат ҳокимияти мансабдор шахсларига бу қоида тегишли», — дейилади ҳужжатда.

конституциявий ислоҳот, конституциявий суд, янги конституция

Фото: Конституциявий комиссия.

2−7-моддаларда нималар қайд этилган?

Қонунчилик палатасининг 10 март куни бўлиб ўтган йиғилишида қабул қилинган Конституциянинг янги таҳририда шундай дейилади:

2-моддага мувофиқ, янги таҳрир Марказий сайлов комиссияси томонидан референдум натижалари эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.

3-моддада ҳужжат кучга киргандан кейин Ўзбекистон ҳудудида амалдаги қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг янги таҳрирдаги Конституцияга зид бўлмаган қисми қўлланилиши назарда тутилган.

4-моддага мувофиқ, янги Конституция нормалари тегишли қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатлар қабул қилинганлиги ва мавжудлигидан қатъи назар, қонун кучга кирган кундан бошлаб бевосита амалда қўлланила бошлайди.

5-моддага кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг амалдаги чақириғи қонун кучга кирган кундан бошлаб Конституциянинг янги таҳририда кўрсатилган ваколатларга мувофиқ ўз фаолиятини амалга оширади.

Янги Конституциянинг нормаси Сенатнинг сайланадиган ва тайинланадиган аъзолари тўғрисидаги 93-моддаси 3-қисмига биноан Сенат 2024 йилда ўтадиган навбатдаги чақириғи пайтидан қўлланилади. Аввалроқ уларнинг сони 100 дан 65 нафар сенаторгача қисқартирилиши ҳақида хабар берилганди.

Бугунги кунда ҳокимлар бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари кенгашлари раислари лавозимларини эгаллаб келмоқда. Конституциявий қонунинг 6-моддасига мувофиқ, ваколатларни ажратиш Тошкент ва вилоятларда (маҳаллий кенгашларга сайловлар натижасига кўра) 2024 йилдан бошлаб, туман ва шаҳарларда эса — 2026 йил 1 январдан амалга оширилади.

7-модда билан бир шахс маълум бир лавозимга кетма-кет икки муддатдан ортиқ сайланиши (тайинланиши) мумкин эмаслиги тўғрисидаги норма киритилмоқда. Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов ва масъул қўмита раиси Жахонгир Ширинов гап қуйидаги лавозимлар ҳақида кетаётганини маълум қилди:

  • Қонунчилик палатаси спикери;
  • Сенат раиси;
  • Ўзбекистон президенти (амалдаги Конституцияга мувофиқ);
  • Вилояти, туман ва шаҳарларнинг маҳаллий кенгашлари раиси;
  • ҳоким;
  • Олий суд раиси ва унинг ўринбосарлари;
  • Судьялар олий кенгаши раиси ва унинг ўринбосарлари;
  • Марказий банк раиси;
  • бош прокурор.