Олий Мажлис Сенатининг ўттиз саккизинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда Конституциявий қонун лойиҳаси маъқулланди.

Сенаторларнинг 80 нафари қонунни маъқуллашга овоз берди, 1 нафари бетараф қолди, 2 нафари овоз беришда иштирок этмади.

конституция ислоҳоти, конституциявий қонун лойиҳаси, сенат

Ялпи мажлисда сўзга чиққан сенатор Наримон Умаров қонун лойиҳасида «мамлакатни узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, юрт ва халқ фаровон ҳаётининг келажакдаги мустаҳкам ҳуқуқий асоси ва ишончли кафолатлари ифодалангани, Ўзбекистоннинг ҳуқуқий давлат сифатидаги конституциявий тамойил мустаҳкамланган»ини таъкидлади.

«Бу барчанинг қонун олдида тенглигини ва қонундан ҳеч ким устун эмаслигини таъминлаш, судлар томонидан адолатли қарорлар қабул қилиш ва умуман олганда давлат ҳокимияти органларининг халққа хизмат қилиши учун пойдевор бўлади», — деди сенатор.

Сенатор янги Конституцияда «давлат — жамият — инсон» тамойилини «инсон — жамият — давлат», яъни «инсон манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўйиш» тамойилига ўзгартириш назарда тутилганлигини таъкидлади.

Ҳужжатга кўра, инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир, ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўла олмайди.

Инсон ва давлат органларининг ўзаро муносабатларидан келиб чиқадиган қонун ҳужжатларидаги ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади.

Янги Конституцияга кўра, Ўзбекистон фуқароси мамлакатдан чиқариб юборилиши ва бошқа давлатга ўтказилиши мумкин эмас.

Бундан ташқари, шахсни суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ ушлаб туриш мумкин эмаслиги («Хабеас корпус» институти тамойиллари), шахсни ушлаб туриш чоғида унинг ҳуқуқлари ва қамоққа олиш асослари унга тушунарли тильда тушунтириш кераклиги («Миранда қоидалари») белгиланмоқда.

Ҳужжатнинг 7-моддасида айни бир шахс муайян лавозимга кетма-кет икки муддатдан ортиқ сайланиши (тайинланиши) мумкин эмаслиги ҳақида «демократик» қоида киритилган. Булар қуйидаги лавозимлар:

  • Қонунчилик палатаси спикери;
  • Сенат раиси;
  • Ўзбекистон президенти (амалдаги Конституцияга мувофиқ);
  • Вилояти, туман ва шаҳарларнинг маҳаллий кенгашлари раиси;
  • ҳоким;
  • Олий суд раиси ва унинг ўринбосарлари;
  • Судьялар олий кенгаши раиси ва унинг ўринбосарлари;
  • Марказий банк раиси;
  • бош прокурор.

Хусусан, Конституциявий қонуннинг давлат ҳокимияти мансабдор шахсларининг ваколат муддатлари, сайланиш (тайинланиш) тартиби ва (ёки) шартларини ўзгартирувчи ва (ёки) бошқача тарзда таъсир қилувчи қоидалари ушбу Конституциявий қонун кучга кирган пайтда мазкур лавозимларни эгаллаб турган шахсларга нисбатан қўлланилиши ёзилган.

Бундан ташқари, ушбу шахслар мазкур Конституциявий қонун кучга кирган пайтда кўрсатилган лавозимларни эгаллаганлиги ва (ёки) эгаллаб келаётганлигининг сурункали муддатлари сонидан қатъи назар бошқа фуқаролар билан тенг равишда Конституция, шу жумладан ушбу Конституциявий қонун таҳриридаги Конституция, талабларига мувофиқ ушбу лавозимларга сайланиш (тайинланиш) ҳуқуқига эга бўлиши белгиланмоқда.

«Яъни, янги таҳриридаги Конституциясида сайлаш (тайинлаш) тартиби ва (ёки) муддати ўзгартираётган барча давлат ҳокимияти мансабдор шахсларига бу қоида тааллуқлидир», — деди Наримон Умаров.

Олий Мажлис палаталари фаолиятидаги функцияларнинг такрорланишига барҳам бериляпти. Хусусан, Бош вазир ва ҳукумат аъзоларининг ҳисоботларини эшитиш, давлат бюджети ижросини назорат қилиш, Ҳисоб палатаси раисининг ҳисоботини эшитиш каби ваколатлар Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари сифатида белгиланмоқда.

Ўз навбатида, Сенат коррупцияга қарши курашиш ва монополияга қарши курашиш органлари раҳбарларини сайлаш, Бош прокурор, Ҳисоб палатаси раиси лавозимларига номзодларни тасдиқлаш, элчиларнинг ҳисоботларини эшитиш каби ваколатларни киритилиши Сенатнинг назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари устидан назорат ваколатларини кучайтиради.

Сенатнинг хавфсизлик хизмати органларига нисбатан ваколатларини кучайтириш мақсадида президент томонидан Давлат хавфсизлик хизмати раиси лавозимига тавсия этилган номзод бўйича маслаҳатлашувлар ўтказиш, сўнгра номзодни президент томонидан тайинлаш тартиби ўрнатилмоқда.

Бундан ташқари, «суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш» мақсадида Судьялар олий кенгашининг барча аъзоларини Сенат томонидан сайлаш тизимини жорий этиш кўзда тутилган.

Бугунги кунда ҳокимлар бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари кенгашлари раислари лавозимларини эгаллаб келмоқда. Конституциявий қонунинг 6-моддасига мувофиқ, ваколатларни ажратиш Тошкент ва вилоятларда (маҳаллий кенгашларга сайловлар натижасига кўра) 2024 йилдан бошлаб, туман ва шаҳарларда эса — 2026 йил 1 январдан амалга оширилади.

Сенаторлар сонини ҳозирги 100 нафардан 65 нафарга қисқартириш режалаштирилган. Ушбу қоида 2024 йилдаги навбатдаги чақириқдан бошлаб кучга киради. Шу билан бирга, Сенатни шакллантиришнинг амалдаги тартиби, жумладан, ҳудудлардан тенг вакиллик ҳуқуқи сақланиб қолади.

Янги Конституция лойиҳасига мувофиқ, Бош вазир номзодини кўриб чиқиш ва маъқуллаш ваколатларини Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатига ўтказиш таклиф қилинмоқда. Бош вазир номзодини парламент қуйи палатасига тақдим этишдан олдин президент барча сиёсий партиялар фракциялари билан маслаҳатлашувлар олиб бориш тартиби жорий этилади. Қонунчилик палатаси томонидан тасдиқланганидан кейин президент бош вазирни лавозимга тайинлайди.

Эслатиб ўтамиз, Олий мажлиснинг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Ширинов Конституциявий қонун лойиҳаси Олий Мажлис Сенатининг референдумни ўтказиш тўғрисидаги тегишли қарори қабул қилинган кундан эътиборан кечи билан уч кун ичида матбуотда ва бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилинишини маълум қилганди.

Аввалроқ, 10 март куни парламент қуйи палатаси Конституция тўғрисидаги қонуннинг янги таҳрири ва у бўйича 30 апрель куни референдум ўтказиш тўғрисидаги қарорни қабул қилганди.