АҚШ Савдо, Ғазначилик ва Адлия департаментлари Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтишга қарши курашиш бўйича тавсиялар тақдим этди. Тавсияларда «қизил байроқлар» — шубҳали жиҳатларни кўрсатиши мумкин бўлган операциялар белгилари тасвирланган.

Ҳужжатда таъкидланишича, Қўшма Штатлар Россияга қарши санкцияларни «унинг адолатсиз уруш олиб бориш қобилиятини заифлаштириш ва бошқа ҳудудларда ҳарбий ҳаракатларнинг олдини олиш» учун киритган. Бундан ташқари, АҚШ агентликлари ушбу чекловларни четлаб ўтишнинг олдини олиш учун мисли кўрилмаган даражада ҳаракат қилмоқда, аммо экспорт назоратини четлаб ўтишга уринишлар давом этмоқда.

Департаментлар мамлакатнинг молия институтлари ва товарларнинг ташқи савдоси билан шуғулланувчи бошқа компанияларни чеклов чораларига тушиб қолган шубҳали операцияларга эътибор беришга чақирди ва бундай операцияларни кўрсатадиган белгиларни санаб ўтди. Улар орасида:

  • санкцияга учраган товарларни Россия ёки Беларусга ноқонуний йўналтириш учун фойдаланиладиган маълум «транспорт пунктлари» орқали етказиб бериш;
  • халқаро банк ўтказмаларини амалга ошириш учун сохта компаниялардан фойдаланиш, кўпинча сотиб олувчи компания рўйхатдан ўтмаган юрисдикцияларда банкларни жалб қилиш;
  • эгалик ҳуқуқини, маблағлар манбасини ёки мамлакатни, айниқса, санкцияларга дучор бўлган юрисдикцияларни яшириш учун сохта компаниялардан фойдаланиш;
  • харидорнинг охирги фойдаланувчи маълумотларини тақдим этишни истамаслиги;
  • мижоз томонидан тақдим этилган жойлашув маълумотларига мос келмайдиган IP-манзил;
  • компаниядан ёки охирги фойдаланувчи сифатида кўрсатилмаган мамлакатдан тўлов квитанцияси ва бошқалар.

Ҳужжатда Хитой (шу жумладан, Гонконг ва Макао), Арманистон, Туркия ва Ўзбекистон каби давлатлардан «тақиққа учраган товарларни Россия ёки Беларусга ноқонуний йўналтириш» учун «ўтказиш пунктлари» сифатида фойдаланилгани айтилган.

Вазирликларга кўра, ишлаб чиқарувчилар, дистрибюторлар, сотувчилар ва ташувчилар кўпинча маълум бир битимнинг қабул қилинган чекловларга мос келишини аниқлаш учун энг яхши имкониятга эга. Агар санкциялар бузилиши белгилари мавжуд бўлса, у ҳолда компания қўшимча текширув ўтказиши керак, деб ёзади Forbes.

РБК маълумотларига кўра, 2023 йилнинг уч ҳафтаси давомида Молия вазирлигининг молиявий жиноятларга қарши кураш тармоғи (FinCEN) ахборот тарқатувчилардан 100 дан ортиқ хабарларни қабул қилган, уларнинг баъзилари банкларнинг Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтишга уринишлари билан боғлиқ.

Қўшма Штатлар, Европанинг кўплаб давлатлари ва бошқа ҳамкорлар бир йил аввал Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан сўнг Москвага иқтисодий таъсир ўтказиш мақсадида қатор жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан санкциялар киритган. Бу орқали АҚШнинг ҳар қандай активлари музлатилиб, санкцияга учраган томонлар билан бизнес юритилишининг олди олиниши назарда тутилган.

Яқинда АҚШ Савдо вазирлиги 90 га яқин Россия ва учинчи давлат компанияларига, жумладан, Хитойда ҳам Россиянинг мудофаа секторини қўллаб-қувватлаш мақсадида санкциялардан бўйин товлагани ва яримўтказгич каби маҳсулотларни сотиб олишни тақиқлагани учун экспорт чекловини жорий қилганди.