Тошкент вилоятидаги 2-сонли Зангиота ихтисослаштирилган кўп тармоқли юқумли касалликлар шифохонасига янги автобус йўлга қўйилади, деб хабар берди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Ихтисослаштирилган юқумли касалликлар шифохонаси вақтинчалик кўчирилгани жамоат транспорти мавжуд бўлмагани юзасидан шифохона ходимлари ва беморлар томонидан бир неча бор шикоят қилинган.

Ўрганиш натижасига кўра, Тошкент метрополитенининг Чилонзор йўли Сергели 5-бекатидан поликлиникагача бўлган масофа 6,9 километрни ташкил этади.

Ҳозирги кунда метро бекатидан Зангиотадаги клиникага қадар 154-сонли йўналиш ишлаб чиқилиб, тендерга қўйилган. Йўналиш тендер ўтказилгандан сўнг 21 мартгача ишга туширилади.

Эслатиб ўтамиз, Тошкентдаги Махсуслаштирилган юқумли касалликлар шифохонаси биноларида иситиш тизимининг бутунлай яроқсиз ҳолга келиб қолгани ва хоналар таъмирталаб аҳволда бўлгани сабабли 2-сон Зангиота касалхонасига кўчирилганди.