Республика санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги Махсуслаштирилган юқумли касалликлар шифохонасида иссиқ сув таъминотида юзага келган узилишлар ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан муносабат билдирди.

Қайд этилишича, ушбу шифохона 2012 йилда ташкил этилгани боис иситиш тизими бутунлай яроқсиз ҳолга келиб қолган. Хусусан, сўнгги пайтларда сув қувурлари носоз бўлиб, бу ҳолат шифохонада даволанаётган беморларни иссиқ сув билан таъминлашда турли муаммоларни юзага келтирмоқда.

Бундан ташқари, баъзи хоналар таъмирталаб аҳволда бўлиб, даволаш муолажаларини тўлиқ амалга оширишнинг имкони йўқ. Шу сабабли Республика санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан ўтказилган ўрганишлар якунига кўра, ушбу махсуслаштирилган тиббиёт муассасаси иш фаолияти тўхтатилди.

Беморларга сифатли тиббий ёрдам кўрсатилишини ташкил этиш мақсадида мазкур шифохона 2022 йилнинг 1 декабридан вақтинча Республика махсус 2-сон Зангиота шифохонасига кўчирилади. Эндиликда фаолияти тўхтатилган объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилади.