Шу кунларда кўплаб маҳалла ва мавзеларда баъзи дарахтлар оқ либосда — лекин бу оқлик бир-икки ой аввал ўзбекистонликларни, айниқса тошкентликларни қийнаган аномал қишнинг қоридан эмас, балки баҳорнинг илиқлигидан: «ҳар баҳорда шу бўлар такрор» деб ёзган шоирнинг шеърида айтилган ўриклар оппоқ бўлиб гуллади.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ҳаво илиб, кўкламга етишган одамлар енгил кийимларга ўтаркан, уйғонган табиатнинг яшил либоси кундан-кун қалинлашмоқда. Шохларда куртаклар, ҳаммаёқ майсазор, майсазорларда эса сап-сариқ момақаймоқлар (ва бошқа гуллар ҳам) бўй чўзган. Шоир айтмоқчи, «мана сенга олам-олам гул, этагингга сиққанича ол!».

«Газета.uz» фотомухбири Мадина Аъзам Тошкент бўйлаб сайр қилиб, баҳор муждалари акс этган лавҳаларни бир саҳифага жамлади.