10 мартдан Тошкент шаҳрида 2022−2023 йилги иситиш даври якунланиши режалаштирилмоқда, дея хабар берди пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати.

Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги «Коммунал хизматлар кўрсатишни тасдиқлаш қоидалари тўрисида»ги 194-сонли қарорига мувофиқ, хоналарни иситиш эҳтиёжлари учун иссиқлик энергиясини беришда етказиб берувчи иситиш даврини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари томонидан белгиланган муддатларда бошлайди ва тамомлайди.

Қарорга кўра, иситиш даври ташқи ҳавонинг ўртача суткалик ҳарорати 8 даражадан паст бўлган 5 кунлик давр тамом бўлган кундан кейинги кундан бошланиши, 8 даражадан юқори бўлганда эса тамомланиши керак.

«Шундан келиб чиқиб, март ойидан ҳаво ҳарорати исигани ва ўртача суткалик ҳарорат 10 даражадан юқори бўлаётганини инобатга олган ҳолда мавсумни якунлаш режалаштирилаётганини маълум қиламиз», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳрида 22 октябрдан ижтимоий соҳа объектлари, 24 октябрдан эса кўп қаватли турар жой биноларини босқичма-босқич иссиқлик энергияси билан таъминлаш бошланганди.