2023 йилнинг январь ойи давомида Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Ўзэнергоинспекция» ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида ўтказилган назорат тадбирларида 511 та ҳолатда 6,7 млн кВт-соат электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Бунинг оқибатида тизимга 5,6 млрд сўм зарар келтирилган. Ушбу ҳажмдаги электр энергияси ўртача 33 минг 500 та хонадоннинг бир ойлик электр энергияси истеъмолини ташкил қилади.

Ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг энг кўпи Сурхондарё, Самарқанд, Сирдарё, Хоразм, Бухоро ва Тошкент вилоятлари ҳиссасига тўғри келди.

Қоидабузар истеъмолчиларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилиб, тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилди. Назорат тадбирлари давом этмоқда, — дейилади вазирлик ахборотида.

Солиштириш учун, 2022 йил декабрь ойида 15,7 млрд сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланганди. Бу Сирдарё вилояти аҳолисининг бир ҳафталик электр истеъмолини ташкил қилади. Ноқонуний ҳолатлар кўпроқ Андижон, Қашқадарё, Самарқанд ва Тошкент вилоятларига тўғри келган.