Ўзбекистонда 2022 йил декабрь ойида 15,7 млрд сўмлик ёки 177 мингдан ортиқ хонадоннинг бир ойлик истеъмолига тенг электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди, деб хабар бермоқда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Вазирлик ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган назорат тадбирларида 719 та ҳолатда 35,5 млн кВт-соат электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган. Бунинг оқибатида тизимга 15,7 млрд сўм зарар келтирилган. Ушбу ҳажмдаги электр энергияси Сирдарё вилояти истеъмолчиларининг бир ҳафталик электр истеъмолини ташкил қилади.

Ноқонуний фойдаланишнинг энг кўп ҳолатлари кўпроқ Андижон, Қашқадарё, Самарқанд ва Тошкент вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.

Хусусан, Самарқанд вилоятидаги Maroqand sifat tekstil МЧЖда 2,3 млрд сўм, Тошкент вилоятидаги Spring Kolours Industriy МЧЖда 1,4 млрд сўм, Андижон шаҳридаги F.X.S. МЧЖда 684,17 млн сўм миқдоридаги қайта ҳисоблаш ишлари амалга оширилди.

Қоидабузар истеъмолчиларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилиб, тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилди.