«Тошшаҳартрансхизмат» матбуот хизмати 28 февраль куни ижтимоий тармоқларда тарқалган, автобус ҳайдовчилари ўзаро йўловчи талашиб муштлашаётгани акс этган видео юзасидан муносабат билдирди.

Ҳолат «1-Автобус саройи» филиали тасарруфидаги Mercedes Benz LF русумли 28-сонли автобус йўналиши ҳайдовчиси Н.Б. ҳамда «Автосантранс-сервис» МЧЖга қарашли Isuzu русумли 155-сонли автобус йўналиши ҳайдовчиси М.М. томонидан содир этилгани аниқланди.

Ҳозирда жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, ўзаро жанжаллашиб, жамоат тартибини бузгани учун ҳайдовчиларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Компания ҳужжатлар ўрнатилган тартибда кўриб чиқиш учун судга тақдим этилишини маълум қилди.

Ҳолатга муносабат билдирган блогер, адлия вазири маслаҳатчи Шаҳноза Соатова ушбу икки йўналиш бир нуқтада кесишишини ва маълум бир масофагача бир йўналишда юришини ҳамда ҳайдовчилар тез-тез муштлашиб, йўловчилар ҳаётини хавф остига қўйиб туришларини ёзиб қолдирди.

«Ҳурматли транспорт масъуллари, бу шопирларингиз — потенциал зўравон ва қотил. Улар шу аҳволида кўпчилик ўтирган уловни ҳайдайди. Яна нечта шунақа зўравонларингиз рулда юрибди? Сизларда ички тартиб-қоидалар, хавфсизлик, одоб-ахлоқ, оддийгина профессионализм талаблари борми? Болаларимиз, ота-оналаримиз қатнашади шу уловларда. Нимага бунақа муштумзўрларга руль бериб қўйгансиз?» — дейди Шаҳноза Соатова.