28 февраль куни Тошкент шаҳрида 28- ва 155-сонли автобус ҳайдовчилари йўловчи талашиб муштлашганди ва уларга маъмурий баённома расмийлаштирилганди. Ҳайдовчиларнинг ҳаракати юзасидан жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судида маъмурий иш кўриб чиқилди, дея хабар бермоқда Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати.

Судда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) бўйича Н.Б. ва М.М.га нисбатан юритилган маъмурий иш кўриб чиқилди. Унда аниқланишича, ҳайдовчилар Яшнобод тумани Иззат кўчасида ўзларига бириктирилган автобусларни бошқариб, ҳаракат давомида бир-бирларига йўл бермасдан келган.

«Шу кўчада жойлашган 76-сонли автобекат олдида тўхтаб, „жамоат жойида жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан“, ўзаро жанжаллашиб, бекатда турган фуқаролар олдида бир-бирларини уятли сўзлар билан ҳақорат қилган. Фуқаролар осойишталигини бузиб, майда безорилик қилган. Ҳуқуқбузарлар ушбу ҳаракатлари билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилишган», — дейилади хабарда.

Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг 2 мартдаги қарори билан Н.Б. ва М.М.нинг ҳар бирига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси билан 7 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Таъкидланишича, қарор устидан қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатларда Тошкент шаҳар судига апелляция шикояти ёки протест берилиши мумкин.

Ҳолатга муносабат билдирган блогер, адлия вазири маслаҳатчи Шаҳноза Соатова ушбу икки йўналиш бир нуқтада кесишишини ва маълум бир масофагача бир йўналишда юришини ҳамда ҳайдовчилар тез-тез муштлашиб, йўловчилар ҳаётини хавф остига қўйиб туришларини ёзиб қолдирганди.