Бокс бўйича Қозоғистон терма жамоаси Ҳиндистон ва Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида иштирок этишдан бош тортмайди. Бу ҳақда Қозоғистон бокс федерацияси президенти Кенес Ракишев BaigeNews.kz нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ, Чехия, Ирландия ва Швеция Нью-Деҳли ва Тошкентда бўлиб ўтадиган бокс бўйича жаҳон чемпионатида россиялик ва беларуслик спортчиларни Халқаро Олимпия қўмитаси тавсияларигаз зид равишда ўз мамлакатлари байроқлари остидаги қатнашишга рухсат этилгани учун байкот қилганди.

Бундан ташқари, ХОҚ қарорига кўра, 2024 йилда Парижда бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларида бокс бўйича мусобақалар бўлажак жаҳон чемпионатини ташкил этишни режалаштираётган Халқаро ҳаваскор бокс ассоциацияси (IBA) иштирокисиз ўтказилади. Шунинг учун бу турнир саралаш мақомига эга бўлмайди ва унинг натижалари боксчиларнинг Олимпиадага йўлланма олишига асос бўлмайди.

Қозоғистон бокс федерацияси раҳбари турнирни бошқа давлатлар томонидан бойкот қилинишига изоҳ берар экан, қозоғистонлик боксчиларнинг IBA томонидан ўтказилаётган жаҳон чемпионатларида иштирок этиши улар учун тажриба тўплаш нуқтаи назаридан зарурлигини таъкидлади.

«АҚШ, Европанинг бошқа жамоалари жаҳон чемпионатига келмаслик тўғрисида қарорига келсак, афсуски бу биз учун ёмон, чунки рақобат кам бўлади, лекин бу вазиятда биз ҳеч нарса қила олмаймиз», — деди у.

«Агар терма жамоамиз жаҳон чемпионатида қатнашмасликка қарор қилса, Қозоғистоннинг кўплаб мухлислари хафа бўлади, деб ўйлайман ва мухлисларни ҳафсаласи пир қилишга ҳаққимиз йўқ. Қолаверса, ҳозир ҳаваскор бокс бўйича халқаро мусобақалар унчалик кўп эмаслигига ишонамиз, шу боис жаҳон чемпионати биз учун машқ қилиш ва тажриба тўплаш учун жуда муҳим, биз тайёргарлик кўряпмиз ва албатта иштирок этамиз, медалларни қўлга киритамиз», — деди Кенес Ракишев.

Унинг фикрича, миллий терма жамоалар 23 сентябрдан 8 октябргача Хитойда бўлиб ўтадиган асосий саралаш мусобақаси — 2023 йилги Осиё ўйинларига ҳам ҳозирлик кўрмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бокс бўйича аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионати 15−31 март кунлари Ҳиндистоннинг Нью-Деҳли шаҳрида, эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионати эса 1−14 май кунлари Тошкентда бўлиб ўтади.