2022−2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да амалга оширишга оид давлат дастури имзоланди. Унда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасини «шаҳар автомобиллар эмас, балки пиёдалар учун» ғояси асосида ислоҳ қилиш режалаштирилган.

Хусусан, 2023 йил 1 апрелдан бошлаб Тошкент ва Нукус шаҳарларида ҳамда вилоятлар ва туманларнинг марказларида транспорт воситалари ҳаракатланишининг энг юқори тезлиги соатига 70 километрдан 60 километргача туширилади.

2023 йил 1 декабрдан бошлаб транспорт воситасининг эгасига транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи ўтказилган шахс билан биргаликда тегишли ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатни (ишончнома ва бошқалар) тақдим этган ҳолда, давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларини транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини ўтказгани ҳақида хабардор қилиш ҳуқуқи берилади.

Бунда хабарнома олинган кундан бошлаб ваколатли орган томонидан Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг Ягона автоматлаштирилган ахборот-таҳлил тизимига тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳамда ушбу транспорт воситасида содир этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилгани учун бошқариш ҳуқуқи ўтказилган шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштириш тартиби жорий этилиши белгиланади.

Эслатиб ўтамиз, муҳокамага қўйилган 2023 йилги давлат дастурига мувофиқ, 1 июндан бошлаб республиканинг барча аҳоли пунктларида транспорт воситалари ҳаракатланишининг энг юқори тезлиги соатига 60 километргача туширилиши кўзда тутилганди.

Шунингдек, 17 январь куни йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича республика махсус комиссияси баёни билан Қорақалпоғистон, Тошкент шаҳар ва вилоятларнинг айрим ҳудудларида транспорт воситаларининг ҳаракат тезлиги соатига 60 километр этиб белгиланган (ҳудудлар рўйхати).

Йўл-транспорт ҳодисалари йилига 4 мингга яқин ўлим ҳолатлари билан якунланади. Таҳлилларга кўра, тезликни 10 километр соатга тушириш ўлим ҳолатларини камида 15 фоизга камайтиришга олиб келади.

Масалан, Тошкент шаҳрида 2022 йилда 1200 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган, бу 2021 йилдаги ҳолатлардан (1073) қарийб 130 тага кўп. Ушбу даврда йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 136 нафарини ташкил этади.

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича республика махсус комиссияси Тошкентнинг Кичик ҳалқа йўли ичидаги ҳудудларда транспортларнинг ҳаракат тезлигини 70 кмдан 60 кмгача пасайтиришга оид қарорни қабул қилган.