Президент Шавкат Мирзиёев 27 февраль, душанба куни қайта тикланувчи энергия манбаларини кенгайтириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди, деб хабар бермоқда унинг матбуот хизмати.

Қайд этилишича, сўнгги 3 йилда энергетика соҳасига 8 миллиард долларлик тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилинди. Навоий ва Самарқанд вилоятларида қуёш электр станциялари ишга туширилди. 2023 йилда 18 та шундай станциялар барпо этилмоқда. Бу орқали хонадонларга бериладиган электр энергияси 50 фоизга кўпаяди.

Президентнинг 16 февралдаги қарори билан қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этишни жадаллаштириш бўйича дастур қабул қилинган. Жумладан, «Яшил энергия» компанияси ташкил этилиб, унга дастлабки 10 миллион доллар йўналтирилди.

Мазкур дастурга кўра, 2023 йилда тадбиркорлар, ижтимоий соҳа ва аҳоли хонадонларида 1 минг 700 Мегаватт қувватли қуёш панеллари ўрнатиш кўзда тутилган.

Йиғилишда ижтимоий соҳа объектлари ва давлат идораларида 220 Мегаватт, тадбиркорлар томонидан 1 минг 300 Мегаватт ва янги қурилаётган кўп қаватли уйлар томида 15 Мегаватт қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилиши айтилди. Бу борада Андижон, Қашқадарё, Сурхондарё, Фарғона, Навоий ва Самарқандда фаол иш бошлагани таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда янги кўп қаватли уйлар томларининг бўш қисмининг камида 50 фоизига қуёш батареяларини ўрнатиш талаби жорий этилган. Шунингдек, уйларга кичик қуёш панелларини ўрнатиш бўйича «Қуёшли хонадон» дастури бошланади. 2023 йилда 37 минг аҳоли хонадонига панеллар ўрнатиш режалаштирилган. Ягона электр энергетика тизимига ўтказилган ҳар бир кВт/соат учун 1000 сўм субсидия ажратилади.