Ўзбекистонда 1 майдан бошлаб фойдаланишга топшириладиган кўп қаватли уйлар томлари бўш қисмининг камида 50 фоизида қуёш панелларини ўрнатиш талаби жорий этилади. Бу президент Шавкат Мирзиёевнинг 16 февралдаги «2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги [ПҚ-57-сонли] қарорида назарда тутилган.

Ҳужжатда, шунингдек, 2023 йилда фойдаланишга топшириладиган 765 та кўп қаватли уйлар қайта тикланувчи энергия манбалари билан таъминлаш режаси тасдиқланди. Режа ижросини таъминлаш учун қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Ботир Зокиров, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосарлари шахсан масъул этиб белгиланди.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига вилоят ҳокимликлари билан биргаликда бир ҳафта муддатда «кўп қаватли уйларга қуёш батареяларини ўрнатиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича корхоналар ташкил этилишини таъминлаш» топширилди.

Қурилиш вазирлиги, шунингдек, Энергетика вазирлиги ва Божхона қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда ҳудудларда қуёш панелларини ўрнатиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича компаниялар мутахассисларининг малакасини ошириши ва керакли кўникмаларни шакллантириши лозим.

Аввалроқ, давлат раҳбари Тошкент шаҳрида ўтказган йиғилишда аҳоли ўз хонадонида қуёш панелини ўрнатса, эҳтиёжидан ортиқ энергияни тармоққа сотишни таклиф қилганди. Бунда аҳоли сотган электр энергиясининг ҳар бир киловатти учун минг сўмдан берилади.