Сирдарё вилоятидаги бир оилани Америка Қўшма Штатларига юборишни ваъда қилган шахс ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Сирдарё вилояти бошқармалари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда муқаддам товламачилик ва бошқа жиноятлари учун судланган О.А. фуқаро Б.Ж.нинг ишончига кириб, Б.Ж. ва унинг турмуш ўртоғини танишлари ёрдамида 40 минг доллари эвазига АҚШга юборишини ваъда қилган. О.А. олдиндан 12 минг долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ, Самарқандда фуқароларни Европа ва Мексика орқали АҚШга юборишни ваъда қилиб, 27 минг доллар талаб қилганликда гумонланаётган 2 нафар шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.