Самарқандда Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги вилоят бошқармалари фуқароларни Европа ва АҚШга ноқонуний йўллар билан жўнатмоқчи бўлган 2 нафар шахсни қўлга олди, дея хабар бермоқда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати.

Маълум бўлишича, шахслар — М.Х. ва Ш. Ш. фуқаро Ж.Х.дан 10 минг доллар олаётган вақтда қўлга олинган. Тинтув вақтида уларнинг ноқонуний ҳаракатларидан жабрланган 13 нафар фуқаронинг ҳужжатлари (8 та хорижга чиқиш паспорти, 2 та биометрик паспорт, бир дона ID-карта, 2 та туғилганлик ҳақида гувоҳнома ва бир дона никоҳ гувоҳномаси) топилган.

Улар Ж.Х.га Европа давлатларидан бирига «шенген» кириш визасини расмийлаштириш ва Тошкент-Испания-Мексика-АҚШ йўналиши орқали Америкага юборишни ваъда қилган ва ундан 27 минг доллар талаб қилган. М.Х. ва Ш. Ш. фуқародан дастлаб 10 минг доллар, Мексиканинг АҚШ билан чегарасига етиб боргандан сўнг 17 минг доллар бериши зарурлигини билдирган.

Яна бир фуқаро Н.Р.ни АҚШга юбориш эвазига 22 500 доллар миқдоридаги пул маблағларини олгани тўғрисида тилхат топилиб, процессуал тарзда расмийлаштирилган.

Ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.