Самарқанд шаҳридаги газ қуйиш шохобчасида 25 февраль куни Nexia-3 машинасига ўрнатилган газ баллонида портлаш содир бўлди. Бу ҳақда вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, ҳолат соат 11:00 атрофида «Ҳунармандлар» МФЙ Бедил кўчасида жойлашган «Камалак» МЧЖга қарашли автомобилларга сиқилган газ қуйиш шохобчасида содир бўлган.

Шу ерда ишчовчи ходим — Пастдарғом туманида яшаган, 1980 йилда туғилган М.З. фуқаронинг Nexia-3 автомашинасига газ қуяётганда багаж қисмига ўрнатилган газ баллонининг ёрилиб кетиши оқибатида портлаш келиб чиққан.

заправка, протлаш, самарқанд

Ҳодиса оқибатида МЧЖ ишчиси М.З. куйиш жароҳатлари олиб, воқеа жойида ҳалок бўлди. Ҳолат юзасидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

заправка, протлаш, самарқанд

Аввалроқ — 24 февраль куни Қарши шаҳри «Насаф» кўчасида жойлашган автомобилларга газ қўйиш шохобчасида ҳам Nexia-3 машинаси портлаганди.

Ўзбекистонда автомобилларда газ баллонлари портлаши тез-тез содир бўлиб туради. Ўтган йилнинг август ойида Сирдарёда автобус портлаши оқибатида 6 киши ҳалок бўлганди. Ўша ойда Қашқадарёда Nexia машинасига ўрнатилган газ баллони, Жиззах вилоятида эса «Жигули» русумли автомашина портлаган. 2021 йилда 14 та портлаш ва 2 та ёнғин оқибатида 14 киши ҳалок бўлган, 9 киши жароҳатланган.

Сенатда бир неча бор газ баллонли автомашиналар хавфсизлиги ва уларга белгиланган меъёрдан ортиқ ёнилғи қуйиш масаласи кўтарилган ва бу борада ҳукуматга сўров ҳам юборилган. Сентябрь ойида Сенат автомобилга нормадан ортиқ ёнилғи қуйган шохобчаларни лицензиядан маҳрум қилишни таклиф қилган.