Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қаршида халқ вакиллари, фаоллар билан учрашувда ОАВ, сўз эркинлиги ва унинг меъёрлари тўғрисида сўзлади. Давлат раҳбарининг суҳбати матбуот котиби Шерзод Асадов томонидан эълон қилинди.

«Ёпиқ давлат бўлиб оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватламаганимиз учун адолат, халқнинг овозини эшитмадик. Эшитмадик. Эркинлик нафаси ёқадими? Менга ёқади. Тўғри, менга қийинроқ бундай ишлаш», — дея таъкидлади президент.

«Ҳамма айтади [ОАВларни] ёпиб қўй, деб. Йўқ, ёпмайман. Яна олдингидай прокурор, СНБ (МХХ — таҳр.) текширувчи бўлаверсинми? Биз ниятимизга етдикми? Биримиз икки бўлдими? Шунинг учун эркинлик нафаси, оммавий ахборот воситаларини дўст билишимиз керак», — деди у.

«Гапирсин — адолатни гапирсин. Танқид қилсин — тўғри танқид қилсин. Шу қишлоққа, мактабга, таълимга фойдаси бўлса, нур устига нур. Мен ҳар куни интернетни ўқийман. Ким қандай гапирганини вақтим борича бир-икки соат қўлимга қалам олиб, ўзимга ёзиб оламан. Барибир, ўнта фикрдан тўққизтаси тўғри бўлиб чиқади», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Шавкат Мирзиёев 2021 йил февралида журналистлар билан суҳбатда «адолатни етказишдан тўхтамаслик» лозимлигини айтган эди. «Қўрқманглар. Ортингизда президент турибди», — деган эди президент.

Шунингдек, давлат раҳбари цензура ўрнатиш, ОАВ фаолиятига ноқонуний аралашиш, таҳририят ходимларига босим ва тазйиқ ўтказиш ва бошқалар учун жавобгарликни кучайтиришни таклиф қилганди.