Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан табрик йўллади. Табрик матни давлат раҳбари матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

«Фурсатдан фойдаланиб, доимо янгилик излаб, янгиликка интилиб яшайдиган, жамиятда юз бераётган муҳим ўзгаришлар, устувор ғоя ва ташаббусларнинг маъно-моҳиятини одамларга тезкорлик ва холислик билан етказадиган, ҳаётнинг қайноқ нуқталарига дадил кириб борадиган сиз, азизларга мамлакатимиз тараққиётига қўшаётган беқиёс ҳиссангиз учун чуқур миннатдорлик билдираман», — дейилади табрикда.

Давлат раҳбари ўз табригида бугунги кунда барча даражадаги бошқарув идоралари раҳбарларининг ОАВ вакиллари, журналистлар билан мунтазам учрашиб, жамият ҳаётига дахлдор муҳим масалаларни эркин мулоқот асосида кенг муҳокама этиши яхши анъанага айланиб бораётганини таъкидлади.

«Биз бундай ёндашувни Ўзбекистонда олиб борилаётган очиқлик, ошкоралик ва демократик сиёсатнинг энг муҳим йўналишларидан бири деб биламиз ҳамда миллий манфаатларимизга жавоб берадиган бу йўлни қатъий давом эттирамиз», — дейилади табрикда.

Нодавлат электрон ОАВ, газета ва журналлар, нашриётлар ҳамда босмахоналар сони ортаётгани таъкидланди.

Агар 2019 йилда давлат ва нодавлат ташкилотлардаги ахборот хизматларининг манбалари — расмий веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлардаги каналлар 559 тани ташкил этган бўлса, 2021 йилда бу рақам 2410 тага етди.

Давлат идоралари томонидан танқидий материалларга жавоб қайтариш кўрсаткичи 2018 йилда 12 фоизни ташкил этган бўлса, 2020 йил якунига кўра қарийб 90 фоизга етган.

Республикада фаолият юритаётган 1893 та оммавий ахборот воситасидан 638 таси ёки 33,7 фоизи Интернет нашрлари — веб-сайтлар сифатида рўйхатдан ўтган.

Шавкат Мирзиёев ўз табригида мамлакатда сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш мақсадида ОАВда рўйхатдан ўтказишда барча жараёнлар инсон омилисиз, электрон шаклда амалга оширилаётгани бу йўлдаги яна бир муҳим қадам бўлганини қайд этиб ўтди.

«Бугун авлодлар, ижодий мактаблар, анъаналар, тушунча ва тасаввурлар янгиланмоқда. Интернет замони ўз талаб ва қоидаларини илгари сурмоқда. Ана шундай мураккаб ўтиш даврида миллий журналистикамиз илгари кузатилмаган турли синов ва қийинчиликларга ҳам дуч келаётганини эътироф этиш ва уларни биргаликда бартараф қилиш ҳақида ўйлашимиз лозим», — дейилади табрикда.

Президент мазкур соҳада йиллар давомида эришилган энг яхши ютуқ ва анъаналарни сақлаб қолиш, холислик ва ҳаққонийлик принципларига, қонун талабларига қатъий риоя қилиш, фуқаронинг шаъни ва ғурури, унинг ўз мустақил фикрига эга бўлиш ҳуқуқини ҳурмат қилиш, юксак профессионал маҳорат журналистлар учун доимо асосий фаолият мезони бўлиб қолишига ишонч билдирди.

Ўтиш даври билан боғлиқ сабаблар туфайли бугунги кунда бир қатор босма нашрларнинг молиявий аҳволи мураккаб бўлиб қолаётгани ҳаммамизга яхши маълум. Яқинда ўзининг янги раҳбарини сайлаган Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, республикадаги етакчи газета ва журналлар бош муҳаррирлари билан биргаликда мазкур масалани атрофлича муҳокама қилиш ҳамда тегишли чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.

Ушбу ҳужжатда босма оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлашга оид амалий чора-тадбирлар билан бирга, соҳага бозор иқтисодиёти механизмларини тўлиқ жорий этиш, мазкур нашрларнинг мазмуни ва жозибадорлигини янада ошириш, уларнинг ахборот майдонида рақобатбардош бўлиши учун мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш масалалари кўзда тутилиши белгиланмоқда.

«Айни вақтда соҳанинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ва журналистларнинг касбий фаолиятини ҳимоя қилиш, давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, кучли жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш ҳам олдимизда турган муҳим вазифадир», — дейилади табрикда.

Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахслари томонидан оммавий ахборот воситалари ижодий фаолиятига тўсқинлик қилиш, цензура ўрнатиш, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашиш, таҳририят ходимларига босим ва тазйиқ ўтказиш, материаллар ва зарур техник воситаларни улардан ғайриқонуний равишда олиб қўйиш ҳаракатлари содир этилгани учун жавобгарликни назарда тутадиган моддаларни кучайтириш лозимлиги таъкидланди.

«Таъкидлаб айтаманки, мамлакатимизда демократик янгиланиш жараёнларини янада чуқурлаштириш, оммавий ахборот воситалари фаолияти самарадорлигини ошириш йўлида давлатимиз ва жамиятимиз томонидан соҳани қўллаб-қувватлаш, журналистларнинг машаққатли меҳнатини ҳар томонлама рағбатлантиришга бундан буён ҳам алоҳида эътибор қаратилади», — дейилади табрикда.