Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жума куни Қаршидаги Олий ҳарбий авиация билим юрти курсантлари билан суҳбат чоғида Россия ва АҚШ президентларининг яқинда қилган чиқишларини тилга олди.

Аввалроқ Олий бош қўмондон курсантлар билан муассаса ошхонасида тушлик қилгани ҳақида ёзган эдик. Курсантлар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди, жанговар машғулотларни кўздан кечирди. Сўнгра билим юрти устида осмондан ҳарбий самолётлар — қирувчи, ҳужумчи, транспорт самолётлари ва жанговар вертолётлар учиб ўтди.

ақш, владимир путин, жо байден, мудофаа вазирлиги, россия, шавкат мирзиёев

Президент Администрацияси раҳбари ўринбосари Комил Алламжонов томонидан эълон қилинган видеода Шавкат Мирзиёев билим юрти фаолиятини такомиллаштириш, жумладан, хорижий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурларини амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади.

«Ўйлайманки, [Корея Республикаси билан] ҳам ҳарбий, ҳам фуқаро [авиацияси] учун кадрлар тайёрлаш бўйича қўшма институт яратиш зарур. Ўз вақтида кадрларимиз, илмий базамиз бўлган, илмий салоҳиятимиз бор эди — ҳаммасини кўмишди ва бошқа ҳеч нарса яратишмади… Биз аэропортларни кўпайтиряпмиз, «қанот»лар келтиряпмиз, лекин курсантларни тайёрлашни билмаймиз», — деди президент.

Унинг сўзларига кўра, Қарши-Хонобод аэродроми негизида илмий база яратилган, эндиликда билим юрти ўқувчилари ўртасида муҳандислик кўникмаларини шакллантириш зарур.

Президент юрт тинчлиги Мудофаа вазирлигига, билимли, малакали ҳарбий кадрларга боғлиқлигини таъкидлади.

«Сизни қандай тарбиялаётганингизни, ким ва қандай дарс бераётганингизни, қайси аппаратларда синовдан ўтаётганингизни барибир ҳамма эшитади. 50 [парвоз] соат деяпсизлар. Мана, оқсоқоллар айтишяптики, улар пайтида жуда бўлса 20 соат бўлган. Нимага? Шароит бўлмаган, имконият бўлмаган, маблағ бўлмаган», — деди президент.

Давлат раҳбари Россия президенти Владимир Путин ва АҚШ президенти Жо Байденнинг яқинда қилган чиқишларини ҳам айтиб ўтди.

«Кечагина телевизорда кўрган бўлсаларингиз, Путиннинг мурожаатини кўргандирсиз, Байденни кўргандирсиз. Албатта, бизнинг дунёқарашимиз ҳам, сизники ҳам ўзгариши керак. Ҳар бир давлат ўзининг суверенитетини, тинчлигининг, халқининг манфаати ҳақида ўйлаши учун мустаҳкам мудофаа бўлиши керак. Мудофаа кучли бўлса, давлат ўзини ҳурмат қилишга мажбур қилади. Мана шу мажбурлик сизларнинг билимларингизга боғлиқ, — деди президент.

ақш, владимир путин, жо байден, мудофаа вазирлиги, россия, шавкат мирзиёев

Шавкат Мирзиёев курсантлардан «бир дақиқа ҳам вақтни беҳуда ўтказмаслик» ва ўз устида ишлаш, билимини ошириш, мутахассислик билан бирга хорижий тиллар ва замонавий технологияларни пухта эгаллашни сўради.

«Ҳар бир давлатнинг кучи ҳақида мудофааси гапиради. Мудофаа сиз каби ўқимишли, ғайратли, қатъиятли ҳарбийлар, муҳандислар ва учувчилар томонидан таъминланади. Ушбу унвонга муносиб бўлиш учун тинмай ўқиб, ўз устингизда ишлаб, маҳоратингизни ҳар томонлама чиниқтиришингиз керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

Дунёда кузатилаётган чақириқлардан келиб чиқиб, у масъулларга ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини кучайтириш бўйича топшириқлар берди. Бундан ташқари, президент учувчисиз учиш аппаратларининг экспериментал йиғилишини ташкил этиш бўйича топшириқ берди.