Президент Владимир Путин Россия Федерал Мажлисига мурожаати чоғида РФ Стратегик ҳужум қуроллари бўйича шартномадаги иштирокини тўхтатаётганини маълум қилди.

У бу қарорни мажбурий деб атади, чунки Владимир Путиннинг сўзларига кўра, ядровий давлатлар ядро қуролини яратишда давом этмоқда.

«Қайта айтаман: шартномадан чиқмаяпти, балки айнан иштирокини тўхтатмоқда. Аммо муҳокамага қайтишдан олдин, Франция ва Буюк Британия каби давлатлар ҳали нимага даъво қилаётганини ва уларнинг стратегик арсеналларини, яъни альянснинг (НАТО — таҳр.) умумий зарба бериш салоҳиятини қандай ҳисобга олишимизни ўзимиз тушуниб олишимиз керак», — деди РФ раҳбари.

Бундан ташқари, Владимир Путин Россиянинг масъул идораларини ядровий синовларга тайёр туришга чақирди. Унинг таъкидлашича, у «Вашингтондаги баъзи шахслар» ядровий қурол синовларини ўтказиш ҳақида ўйлаётгани ҳақида маълумотга эга.

«Россия Мудофаа вазирлиги ва „Росатом“ Россия ядро қуролини синовдан ўтказишга тайёрлигини таъминлаши керак. Албатта, биз буни биринчи бўлиб қилмаймиз, лекин агар Қўшма Штатлар синов ўтказса, биз ҳам шундай қиламиз», — деди Владимир Путин.

Россия ва АҚШ ўртасидаги шартноманинг амалдаги талқини 2011 йилда имзоланган ва 2021 йилда узайтирилган, муддати 2026 йилда тугайди.